“Юмшоқсупурги” жазолар билан фирибгарликни камайтириб бўлмайди
Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятлари йилдан йилга кўпайяпти. Бунга сабаблардан бири – оғир жазони четлаб ўтишнинг қонуний йўллари борлиги. Миллиардлаб зарарнинг бир тийинини ҳам қопламаган ашаддий фирибгарлар тайинланган муддатнинг бор-йўғи учдан бирини ўтаб, озодликка чиқиши мумкин.
Мингдан ортиқ кишини 21 миллиард сўмга чув туширган «Human» хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ раҳбарига 10 йил.
400 нафарга яқин шахсни алдаб кетган “Straus House” таъсисчисига 9 йил.
16 минг фуқаро 23 млрд сўмга чув тушган “Avto oltmish oy”ишида МЧЖ раҳбарига 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Минглаб одамларни миллиардларга чув туширишса ҳам, суд фирибгарга 10 йилдан ошиқ беролмайди.
Шубҳасиз, фирибгарлик жамият силласини қуритишда коррупциядан сира ортда қолишмаяпти. Унинг зарарлари ҳақида ортиқча тўхталмоқчи эмасмиз. Биз бугун жамиятимизда фирибгарларнинг қай даражада жазоланаётганини кўриб чиқишни мақсад қилдик.
Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра, шахс ҳар қанча катта суммада фирибгарлик қилса ҳам, унга озодликдан маҳрум қилиш жазосини 10 йилдан ортиқ муддатга бериш мумкин эмас. Лекин амалиёт кўрсатиб турибдики, мана шу 10 йил ҳам жуда кам ҳолларда тайинланади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас.
Жиноят кодексининг 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш деган нарса ҳам борки, бу шундоқ ҳам енгилроқ жазо олган шахсларни маълум муддат ўтиб жазодан биратўла озод қилиб юборади.
Яъни, агар фирибгар 8 йиллик жазо олган бўлса, у 4 йилдан кейин жазодан озод этилиши мумкин.
Ёки кимнидир 50 млн сўмга “тушириб” кетган фирибгарга 3 йил берилса, у 73-моддадан фойдаланиб, орадан 1 йил ўтиб очиққа чиқиши мумкин.
Шунингдек, кодекснинг 74-моддасида жазони енгилроғи билан алмаштириш деган қоида ҳам бор. Масалан, фирибгарлик учун 8 йил олган шахс жазонинг учдан бирини, яъни 2 йил-у 8 ойини ўтаб бўлганидан сўнг, енгилроқ жазо билан очиққа чиқиши мумкин бўлади.
Тасаввур қиляпсизми? Миллиардларни ўзлаштирган фирибгар бу пуллардан бир сўмини қайтариб бермаса-да, 2 йил-у 8 ойдан сўнг озодликка чиқиб, ўзлаштирган пулларини маза қилиб еб юради.
Юқоридаги каби жазодан осон қутулиб кетиш ҳоллари амалиётда тўлиб ётибди.
Бундай ҳолатлар фирибгарликни ният қилган шахсга қўшимча куч ва умид бағишлайди.
Фуқароларни ҳар қанча катта суммага “ухлатса” ҳам, суд унга ҳар қанча жазо тайинласа ҳам, юқоридаги енгилликлардан фойдаланиб, жазосидан қисқа муддатларда қутулиш ва ҳаётининг қолган қисмини катта пуллар билан роҳат-фароғатда ўтказиш орзуси фирибгарлик қилишга мотивация вазифасини бажаряпти холос.
Қайтарамиз: Жиноят кодексидаги енгилликлар фирибгарлик қилишга мотивация вазифасини бажаряпти холос.
Балки, шу сабабдан мамлакатимизда фирибгарлик жиноятлари ошиб бораётгандир?
Статистикага кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда судлар томонидан 5 466 нафар шахсга нисбатан фирибгарликка оид 4 328та жиноят иши кўриб чиқилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 3 129 нафар шахсга нисбатан 2 498та жиноят иши кўриб чиқилган.
Кўриниб турибдики, рақамлар оз эмас. Бунинг устига 2021 йил биринчи чорагининг ўзида жиноятлар сони ўтган йил кўрсаткичининг ярмидан кўпроқ.
Зарарни қопламаган фирибгарларга енгиллик берилмасин!
Фирибгарлик жиноятлари бўйича илмий тадқиқот олиб борган Раззоқ Алтиев мавзу бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Сўнгги йилларда фирибгарлик жиноятлари сонининг ошиб бориши жамият учун хавфли. Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, 2004 йилда жами жиноятларнинг 1,6 фоизи фирибгарлик улушига тўғри келган бўлса, сўнгги 5 йиллик статистик таҳлилларда жами жиноятларнинг 10–15 фоизи фирибгарликка тўғри келмоқда.
Сўнгги йиллардаги бундай ўсиш динамикаси фирибгарликка қарши курашишнинг замонавий усулларини тақозо қилади. Жиноят қонунчилигимизда судланувчилар, маҳкумларнинг аҳволини енгиллаштиришга қаратилган, инсонпарварлик принципини акс эттирувчи айрим институтларимиз фирибгарлар учун қўл келмоқда.
Тасаввур қилинг, бугунги нормал ўртача иш ҳақи 1 йил ҳисобида 100 млн сўмни ташкил қиладиган бўлса, бу 100 млндан шахс ўзининг турли эҳтиёжларига ишлатишини ҳисобга олсак, шахснинг бир йиллик даромади 20 млн бўлиши мумкин. Фирибгарлар эса жазонинг енгиллиги ва уларга нисбатан қонундаги рағбатлантирувчи нормаларнинг татбиқ қилинишини ҳисоблаб кўрган ҳолда онгли равишда 500 млн, 1 млрд ва ундан ҳам кўп суммаларда ушбу жиноятга қўл ураётганлик ҳолатларига гувоҳ бўляпмиз.
Фирибгарликни касб қилиб олиш ва онгли равишда фирибгарлик орқали моддий бойлик орттиришни мақсад қилиб, жиноятга қасддан қўл уриш ва бу жиноятни такрор содир қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Тадқиқотларимиз доирасида хорижий давлатлар жиноят қонунчилигини ўргандик. Масалан, Туркияда агар зарар тўлиқ қопланса, тайинланиши мумкин бўлган жазо 1/3 ёки 2/3 қисмига қисқартирилиши мумкин.
Ёки қўшни Қирғизистонда “3 карра айб” принципи, яъни етказилган зарар 3 карра ундириб олиниши ва 2 карраси жабрланувчига тўлаб берилиши қоидаси бор. Шунингдек, МДҲ давлатларининг бирортасида биздаги каби етказилган зарар қоплаб берилмаса ҳам фирибгарга нисбатан рағбатлантирувчи нормалар қўлланишига гувоҳ бўлмадик.
Назаримизда, фирибгарлик жиноятларига чек қўйиш ва олдини олиш, шунингдек жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини тўла таъминлаш учун фирибгарлик жиноятини қилган ва етказилган зарарни қопламаган шахсларга нисбатан рағбатлантирувчи нормаларни қўллашга чеклов ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади” – дейди Раззоқ Алтиев.
Яқинда коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлишга доир президент фармони ва қарори қабул қилинди.
Бу ҳужжатларда коррупциявий жиноят содир этганларнинг рўйхатини эълон қилиб бориш, уларга давлат ишида ишлашни тақиқлаш, жазоларни кучайтириш ва жазони ўташдаги енгилликларни қўлламаслик каби муҳим масалалар кўзда тутилди.
Нега энди шундай қатъий чораларни фирибгарларга ҳам қўлламаслик керак? Зеро, сўнгги йиллардаги фирибгарлик жиноятлари сони ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятлари сонидан каррасига юқори.
Хусусан, 2020 йилда судларда ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш билан боғлиқ 1 099та, фирибгарликка оид 4 328та жиноят иши кўриб чиқилган. Ўзаро фарқ салкам 4 баробарни ташкил этмоқда.
Қолаверса, Раззоқ Алтиев ғарб давлатларида фирибгарлик ҳам коррупцион жиноятлар қаторига киришини таъкидламоқда. Бироқ бизда ҳали фирибгарликка коррупция сифатида қараш одати шаклланмаган. Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида ҳам фирибгарлик коррупциявий жиноятлар қаторига киритилмаган.
Жамиятда бирор жиноят тури кенг тарқалиб кетган тақдирда, ушбу жиноят учун жазоларни кучайтириш орқали ҳолатни бартараф этиш амалиёти азалдан бор. Масалан, 2014-2016 йилларда транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари 65 фоизга ошгани ортидан ушбу жиноят учун жазолар кучайтирилганди.
Шундай экан, фирибгарлик жиноятининг кўпайиб кетишини жиловлаш учун жазоларни оғирлаштириш ва ушбу жиноятни содир этган шахсларга турли чекловларни белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.
Фуқароларнинг ҳушёрлигини, ҳуқуқий онгини ошириш ёки турли монополияларга барҳам бериш орқали ҳам қанчадир миқдорда ушбу жиноятни камайтирса бўлар, лекин бу – масаланинг бошқа томони.
Аслида, фирибгарлик учун жазоларни оғирлаштиришдан ҳам таъсирлироқ чора – бу жазони ўташдаги енгилликларни фирибгарларга нисбатан қўллашни тўхтатишдир. Шундагина жиноятни содир этиш ниятидаги шахс жазо муддатининг қисқармаслигини билиб, бу ниятидан қайтиш эҳтимоли ортади.
Муаллиф – Аббос Салайдинов
Сухандон – Раҳматилло Исроилов
Тасвирчи ва монтаж устаси – Маҳмуд Солиев
Мавзуга доир:
Мавзуга оид
16:19
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
16:45 / 22.12.2024
Жиззахда тадбиркорнинг биноси учун фойдаланишга рухсатнома олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
09:50 / 18.12.2024