Ўзбекистон | 08:56 / 29.07.2021
4206
2 дақиқада ўқилади

Судочье кўлидаги қамишзор ёниб кетди

27 июль куни Судочье кўлидаги қамишзор ёниб кетди. Бу ҳақда «Судочье-Ақпеткей» давлат буюртма қўриқхонаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Қўнғирот туманида жойлашган Судочье кўли ҳудудида 27 июль куни 15:00 лар атрофида ёнғин содир бўлган. Қўнғирот туман инспекцияси ва «Судочье-Ақпеткей» давлат буюртма қўриқхонасининг давлат инспекторлари воқеа жойига етиб борган.

Таъкидланишича, ёнғин содир бўлган ерда қамиш ўсади, ҳолат кўл ўртасида содир бўлгани сабабли уни ўчиришнинг иложи бўлмаган.

Қайд этилишича, ёнғин ҳаво ҳарорати аномал даражада кескин кўтарилиб, қаттиқ исиб кетиши сабабли келиб чиққан.

Маълумот учун, 50 минг гектардан ошадиган Судочье кўллар тизимида 240 га яқин турдаги минглаб кўчманчи ва доимий яшовчи қушлар мавжуд. Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманларидаги Судочье кўлига ўхшаш кўлларда ҳар йили ёнғин содир бўлиб туради.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Берунийда реклама монитори ёниб кетганди. Aввалроқ эса Тўрткўлда резина ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлганди.

Мавзуга оид