Жамият | 09:01 / 30.07.2021
33046
9 дақиқада ўқилади

Бойсундаги салоҳиятли чорва фермаси хавф остида: озуқа танқислиги кузатилмоқда

Сурхондарё вилояти Бойсун туманининг қишлоқ хўжалигидаги асосий икки тармоғидан бири — чорвачилик. Аммо бу йил кузатилган озуқа танқислиги соҳани танг аҳволга солиб қўйиши мумкин.

Хусусан, тумандаги фаолияти энг замонавий усулда ташкил этилган «Бойсун чорваси» фермер хўжалиги қорамолларни нобуд бўлишдан сақлаб қолиш мақсадида хориждан келтирилган наслли чорванинг бир қисмини сотиб юборишга мажбур бўлган.

Аслида бу қорамоллар кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, бозорни гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида олиб келинган эди. Фермернинг мурожаатини ўрганиш асносида муаммо кўлами аслида ўйлаганимиздан ҳам кенгроқ, гап фақат «Бойсун чорваси»да ҳам эмаслигига амин бўлдик.

Тадбиркор Илёс Усмонов раҳбарлигидаги «Бойсун чорваси» фермер хўжалиги 2013 йилда ташкил этилган. Дастлаб маҳаллий чорва моллари боқилган бўлса, 2018 йил Австриядан 120 бош симентал зотли чорва олиб келинган. 7 миллиард сўмга бу чорва учун ферма қурилган.

«Хориждан чорва олиб келишдан мақсад уларни кўпайтириш, шу орқали фаолиятимни кенгайтириш эди. Чунки наслли моллар билан ишлаб чиқарилаётган гўшт ва сут маҳсулотларини бир неча бараварга кўпайтириш мумкин. Лекин чорвани олиб келганимдан буён ҳозиргача озуқа базаси яратиш энг катта муаммо бўлиб келяпти. Озуқа базаси яратиш учун фермер хўжалигига ер керак. Чорвага керакли озуқалар унда етиштирилиши лозим. Ерсиз фермер қаергача бора олади?

Фаолиятимни бошлаган вақтда 35 гектар сувли ер бор эди, ҳозир ҳам шунча. Меъёр бўйича озуқа базасини яратиш учун ҳар бир қорамолга 50-60 сотих ер тўғри келиши керак. Қолаверса бугунга келиб чорва сони 300 дан ошган. Яна йил охиригача 60 та чорвамиз болалаши кутиляпти.

Туман ҳокимлигига, вилоят ҳокимлигига, бош вазир қабулхонасига ҳам мурожаат қилдим. Аммо масалага ечим йўқ. Бош вазирга қилган мурожаатимга жавобан туман ҳокимлиги «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунга асосан ер тендерга қўйилиши, ғолибларга ҳоким қарори билан ер берилишини маълум қилди. Ҳозирда тендерга қўйиш учун ер майдонлари ўрганилаётгани айтилди, аммо бунга ҳам қарийб бир йил тўлди ҳамки, муаммога ечим йўқ.

Аслида бу қорамоллар озуқаси беда, маккажўхори поя ва ёрмаси, сенаж, кепак каби 12 турдаги маҳсулотлар билан боқилиши керак. Биз эса сомон билан боқишга мажбур бўляпмиз. Ҳолбуки, сомон чорванинг остига тўшалиши керак. Ҳар бир қорамолимиз 30 литрдан кам сут бермаслиги керак. Биз эса етарли озуқа бўлмагани учун 15 литр ҳам сут ололмаяпмиз», — дейди Илёс Усмонов.

Тадбиркор ўз кучи билан тумандаги энг салоҳиятли чорва фермасига асос солган. 7 миллиард сўмга ферма қурган, хориждан юзлаб наслли чорва келтирган, турли давлатлардан керакли ускуналарни олиб келган.

Энди эса фақатгина озуқа етиштириш учун ер бўлмагани сабабли фаолияти хавф остида турибди. Ўтган йили хўжаликда 12 та ходим ишлаган бўлса, бу йил 8 та иш ўрни қолган. Кўпайтириш учун келтирилган наслли чорванинг 70 таси сотиб юборилган.

Туманда сувли ер танқис бўлгани учун тадбиркор Сурхондарё вилоят ҳокимига ҳам мурожаат қилган. Вилоят ҳокимлиги томонидан эса тадбиркорга қўшни Бандихон туманидан ер берилиши маълум қилинган. Аммо бу иш ҳам охирига етмаган.

Табиийки, озуқа захираси яратиш учун ери бўлмаган фермер чорвага емишни бозордан харид қилади. Натижада, вақт ўтган сайин чорванинг озуқасига сарфланган маблағ чорванинг ўз таннархидан ҳам ошиб боради. Охир-оқибат, зарардан тинкаси қурилган тадбиркор ўз фаолиятини тугатишига тўғри келади. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилган, аҳолини гўшт-сут маҳсулотлари билан таъминлаш энг долзарб вазифалардан бири сифатида кўрилаётган бир замонда фожиа билан тенг.

Силос ўраси

Юқоридаги суратда тасвирланган ўра ҳар бир чорва фермер хўжалигида бор, у силос озуқаси билан тўлдирилади. «Бойсун чорва»сининг озуқа захираси эса бўм-бўш. Одатда бу ўраларга махсус ускуналарда озуқа вакуум ҳолатига ўтказилиб, уч йилгача сақлаш мумкин. Бу тадбиркорда Хитойдан келтирилган вакуум учун махсус ускуналар бор-у, озуқанинг ўзи йўқ.

Ҳолатга изоҳ олиш учун туман ҳокимлигида бўлганимизда билдикки, туманда нафақат «Бойсун чорваси» фермер хўжалиги, умуман чорвачиликнинг келажаги савол остида турибди. Ҳокимлик мутахассиси Соатмурод Чориев вазиятни қуйидагича изоҳлади:

«Бойсун чорваси» ҳақиқатан ҳам тумандаги энг салоҳиятли хўжаликларидан бири. Ростдан ҳам озуқа базаси муаммоси бор. Лекин афсуски, Бойсун туманида ажратиб берилган ер майдонларида етарли озуқа базаси шакллантиришнинг имкони йўқ. Чунки муқим сувли майдоннинг ўзи йўқ. Сувимиз эса об-ҳавога ва тоғдаги қорга қараб қолган. Бу йилгидек қурғоқчилик бўлса чорва соҳаси қийин вазиятга тушиб қолади.

Юқоридаги ҳолат бўйича тадбиркор вилоят ҳокимига учраганида Бандихон туманидан ер ажратиб бериш белгиланганди. Биз тадбиркор билан биргаликда ўзимиз ўша ҳудудга борганмиз. Илгари Бойсун туманида ҳудудида бўлган, ҳозирда Бандихон туманига қарашли бўлган фермер хўжалигига қарашли ерлардан 23 гектар жой ажратилганди. Аммо бу ер учун ҳам ҳозирга қадар тегишли ҳужжатлар қилинмаган.

Бойсун тумани чорвачиликка ва дориворчиликка ихтисослаштирилган туман. Туманда 262 минг гектар яйлов бор. Сувли майдон эса 500 гектарга яқин, холос. Ҳали-ку четдан келтирилган наслли моллар, маҳаллий чорва учун ҳам озуқа масаласи жуда қийин бўлмоқда. Айниқса, бу йил қурғоқчилик бўлгани учун бир дона прессланган беда озуқаси 35-40 минг сўм бўлиб кетди. Битта прессланган сомон озуқаси 17 минг сўмгача. Ҳисоб-китобларга кўра, фермерларимиз чорвасини қишдан олиб чиқиши қорамолларнинг ўз нархидан ҳам ошиб кетмоқда.

Шунинг учун, вилоят ҳокимлигига ҳам, депутатларга ҳам Бойсуннинг чорвасини сақлаб қолиш учун таклиф киритганмиз. Яъни, Бойсун туманидан Бандихон туманига берилган сувли майдонларнинг маълум қисми қайтарилса, муаммога ечим топиларди. Тўғри, битта катта туман ташкил этилди. Аммо сувли ерларимиз қўшни туманга ўтгач, бу йил чорва муаммоси билиниб қолди», — дейди Соатмурод Чориев.

Ҳокимлик вакилига кўра, туманнинг ҳозирги ери, ҳозирги салоҳияти чорвачиликни ривожлантириш тугул, уни сақлаб қолиш учун ҳам етмайди. Силос, сенаж кабилар ўз йўлига, оддий сомон етарли базаси ҳам муаммо бўлиб тургани айтилмоқда. Бу ҳолатда эса туман яқин келажакда гўшт маҳсулотлари билан ўзини ўзи ҳам таъминлай олмаслиги мумкин.

Маълум бўлишича, туманда бу борада ҳокимликка мурожаатлар жуда кўп. Аммо уларга ижобий ечим топиш муаммолигича қолмоқда.

Ҳокимликнинг тадбиркорга берган жавоб хатларидан бирида фермер қўшимча ер олиш учун қоидага мувофиқ тендерда иштирок этиши лозимлиги, тендерга қўйиладиган ерлар ҳақда маҳаллий ОАВда эълон берилиши маълум қилинганини айтдик. Ҳокимликка кўра, тендерга қўйиладиган лалми ерлар чорвачиликка ярамайди. Тендерда ютиб олгани билан хориждан келтирилган чорва молларини лалми ерлар орқали озуқа билан таъминлай олмайди. Сувли ерлар эса камёб. Хуллас, афтидан, тадбиркорнинг мурожаатига жавоб хати шунчаки, расмиятчилик бўлган.

Дарвоқе, тадбиркор мазкур муаммо ҳақда Ўзбекистон Республикаси бош вазири қабулхонасига мурожаат қилгач, масала билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳам шуғулланган. Қўмита ахборот хизматига кўра, муаммо юзасидан Сурхондарё вилоят ҳокимлигига хат юборилган. Вилоят ҳокимлиги томонидан эса тадбиркорга Бандихон туманидан ер ажратилиши маълум қилинган.

Тадбиркорнинг маълум қилишича, дастлаб Бандихон туманидан ҳақиқатан ҳам ер кўрсатилган, аммо бу ер ҳам лалми бўлиб, озуқа етиштиришнинг иложи йўқ. Сувли ер ажратиш бўйича мурожаатлар эса юқорида айтилганидек ҳамон чўзилиб келмоқда.

Одатда, бирор бир муаммога изоҳ сўралса, туман ҳокимлиги мутасаддиларини муаммога тез орада ечим топилишини маълум қилади. Бойсунда эса соҳа масъул ходими муаммо туман даражасида ҳал этиш қийин эканини очиқ-ойдин ўртага ташламоқда.

Иккинчи томондан, мутасаддининг масаланинг ечимига оид таклифи ҳам мураккаб масала. Табиийки, ер масаласида ҳам ҳар бир туманнинг ўз «ташвиши», ўз режалари бор. Ўйлаймизки, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳолатга тегишлича баҳо беришади.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.
Оператор ва монтажчи: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид