Жаҳон | 22:31 / 02.08.2021
45045
1 дақиқада ўқилади

Асқар Акаев Қирғизистонга нима учун қайтганини айтди

Акаев президент Садир Жапаров билан учрашган.

Фото: Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси

Қумтор олтин кони иши бўйича сўроқда қатнашиш учун Россиядан Бишкекка келган Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев илк баёнотини берди.

«Мен Қумторни қандай, нима учун қурганимиз, қандай хатолар юз берган бўлиши мумкинлиги, бир сўз билан айтганда, ҳаммаси тўғрисида сўзлаб бергани келдим. Тергов давом этади, мен бугун келдим, иш билан энди танишдим»,— деди Акаев.

У Бишкекка бир ҳафтага келганини айтди, деб хабар бермоқда «Sputnik Қирғизистон».

Акаев шунингдек, президент Садир Жапаров билан учрашганини айтди.

«Жапаров билан қароргоҳида учрашдик. Ҳаммасини айтиб беришим учун менга йўл очгани туфайли миннатдорлик билдирдим»,— деди у.

Асқар Акаев Қирғизистонни 1991 йилдан 2005 йилгача бошқарган, сўнгра президентликдан четлатилган. У Россияга кетган ва илмий фаолият билан шуғулланган. Июль ойида Асқар Акаев халқаро қидирувга берилди.

Мавзуга оид