Ўзбекистон | 14:43 / 02.08.2021
1738
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда 6 ойда 12 нафар фуқаро оқланди

Хоразм вилоят суди ва маъмурий судининг 2021 йил биринчи ярмидаги фаолиятига доир ахборотни жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди. 

Унда вилоят суди раисининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда маъмурий суд вакили иштирок этиб, йўналишлар бўйича қилинган ишлар ҳақида маълумот беришди.

Ўтган 6 ой давомида вилоят судларида жами 562 та жиноят, 7 281 та  фуқаролик, 4 599 та иқтисодий ва 934 та маъмурий иш кўриб тамомланган.

Шунингдек, 55 нафар шахс суд залидан қамоққа олинган, 19 нафар шахс қамоқдан озод этилган. 400 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва 12 нафар фуқаро оқланган.

Судларнинг жиноятларга қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолият самарадорлигини кучайтириш мақсадида 203 та (36,1 фоиз) жиноят иши айнан жиноят содир бўлган жойларда, маҳаллаларда, тегишли ташкилот ва муассасаларда сайёр суд мажлислари тартибида кўриб чиқилган. Бу кўрсаткич фуқаролик ишлари бўйича судларда 2 320 тани (31,9 фоиз), иқтисодий ишлар бўйича судларда  2 131 тани (46,3 фоиз) ташкил этган.

Маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 327 таси (35 фоиз) сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган. 

Суд амалиётида ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича 291 та ариза кўриб чиқилган ва шундан 162 таси қаноатлантирилган.

6 ой мобайнида иқтисодий судларда кўрилган ишларни ўтган йилнинг шу даври билан таққосланганда, олди-сотди шартномаси бўйича 56 тага, маҳсулот етказиб бериш шартномаси бўйича 683 тага, кредит шартномаси бўйича 187 тага, тадбиркорлик субъектларининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш юзасидан 1504 тага кўпайган.

Мавзуга оид