Ўзбекистон | 08:03 / 07.08.2021
22618
3 дақиқада ўқилади

Жамоат хавфсизлиги университетига ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан Жамоат хавфсизлиги университетига номзодларни саралаб олиш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Университетнинг бакалавриат таълим йўналишларига номзодларни курсантлар сафига қабул қилиш ҳарбий-профессионал йўналиш, дастлабки саралаб олиш ва тест синовлари босқичларида амалга оширилади.

Университетга ўқишга фақат Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади. Университетга кириш истагини билдирган:

  • фуқаролар таълим йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ўзларининг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўйича бўлимларга ёки Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлимларига ариза билан;
  • ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ўзлари хизмат ўтаётган ҳарбий қисмга билдирги билан мурожаат қилади.

Аризалар ҳар йили 1 февралдан 20 мартга қадар (шу куни ҳам) қабул қилинади. Университетга номзодларни курсант, тингловчи ва талабалар сафига ўқишга қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан тест синовларини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган номзодлардан (тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Университет битирувчиларига тегишли намунадаги диплом ва ҳарбий тайёргарликдан ўтганларга захирадаги лейтенант ҳарбий унвони берилади. Умумфуқаровий асосда талабаликка қабул қилишнинг тўлов-контракт асосидаги қабул кўрсаткичлари, қўшимча табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш университет томонидан мустақил равишда белгиланади.   

Шунингдек, университет магистратурасига 5 йил ва ундан кўп меҳнат стажига эга бўлган, камида “майор” офицер лавозимларида хизмат ўтаётган, ўқишга қабул йилининг 31 декабригача 45 ёшдан ошмаган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) қабул қилинади. Магистратурага ўқишга қабул қилинган шахсларнинг охирги эгаллаб турган лавозими учун белгиланган пул таъминоти ўқиш даври мобайнида сақлаб қолинади.

Университетнинг “Йўл-патруль хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти”, “Патруль-пост хизматининг қўмондонлик-тактик фаолияти”, “Паспорт тизимини ҳуқуқий таъминлаш” таълим йўналишлари бўйича номзодлар билан дастлабки саралаб олиш тадбирлари Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилади.

Мавзуга оид