Ўзбекистон | 11:33 / 09.08.2021
4001
2 дақиқада ўқилади

«Тошиссиққуввати» йилни 869 миллиард сўм зарар билан якунлаган

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафтадаги тадбирлари ва жорий ҳафтадаги режалари бўйича маълумотлар берди.

“2 август куни ҳурматли президентимиз Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди.

Маълумки, пойтахтимиздаги кўп иссиқлик тармоқлари ўтган асрда қурилган. Ҳозирги кунга келиб 12 та марказий ва 180 та маҳаллий қозонхоналар, 2 минг километр магистрал ва тарқатиш қувурлари эскирган. Бу жуда катта энергия сарфланишига, хизмат сифати ёмонлашишига олиб келмоқда. Авария ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.  

Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Масалан, ўтган йили ва шу йил давомида бу масала бўйича одамлардан 6 минг 330 та мурожаат келиб тушган.

Хизматдан қониқмаслик тўловга ҳам таъсир қилмоқда. “Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонаси йилни 869 миллиард сўм зарар билан якунлаган, кредитор қарздорлиги ҳам катта. Агар қозонхона ва тармоқлар ҳозир янгиланмаса, бундай муаммолар кўпайиб бораверади.

Шунинг учун Тошкент шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш, бозор тамойиллари ва давлат-хусусий шерикликни жорий этиш режалаштирилмоқда”, – деди президент матбуот котиби ўз нутқида.

Билдирилишича, президент бу масалада жуда чуқур ўйлаб иш тутиш, бошқа шаҳарлар тажрибасини таҳлил қилиб, энг яхши тўхтамга келиш зарурлигини таъкидлаган. Шунинг учун, тақдимот қилинган лойиҳани аввал Тошкент шаҳридаги мавзелардан бирида синовдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилган.

Мавзуга оид