Мажбурий тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул ундирилмоқда. Бу қонунга зид
Ярим миллионга яқин ўқитувчи давлат бепуллигини кафолатлаган хизмат учун ўз ёнидан 150 минг сўм атрофида пул тўлашга мажбур бўлмоқда. Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигига мурожаат билан чиқди.
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳудудларда ўқитувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ муаммолар бўйича Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигига мурожаат қилди. Бу ҳақда Kun.uz'га кенгаш раиси ўринбосари Исроил Тиллабоев маълум қилди.
Ўқитувчилар мажбурий тиббий кўрикнинг пулли эканидан норози
Мурожаатда айтилишича, ХТВ тизимидаги педагог ходимлар неча йиллардан буён ҳар йилги мажбурий тиббий кўрик учун ўз ёнларидан пул тўлаб ўтишаётганидан норозилик билдиришмоқда. Жамоатчилик кенгашига 100 нафардан ортиқ ўқитувчи шу масалада мурожаат йўллаган.
“Қонун ҳужжатлари билан педагог ходимлар учун давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш (давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари учун) белгиланганига қарамасдан, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқарма ва бўлимлари томонидан ноқонуний равишда пул талаб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бунга сабаб сифатида, ҳудудий молия бошқармалари томонидан тиббий кўрик учун тегишли маблағ ажратилмагани каби важлар келтирилмоқда. Аслида бу маблағ жойлардаги ҳудудий молия бошқармалари томонидан қоплаб берилиши лозим.
Педагог ходимларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, бепул тиббий кўрикдан ўтиши борасидаги муаммоларнинг барҳам топишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз”, – дейилади мурожаатда.
Судда ўқитувчилар ютиб чиққан
Тиллабоевнинг маълум қилишича, республикадаги давлат мактабларида қарийб 500 минг нафар ўқитувчи фаолият юритади ва уларнинг ҳар бири, ҳар ўқув йили аввалида тиббий кўрикдан ўтиш учун ўз ёнидан 150 минг сўм атрофида пул тўлашга мажбур бўлади.
Яна бир маълумот, бир йил аввал Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида 6 нафар ўқитувчи туман тиббиёт бирлашмасини айни шу масалада судга берган ва судда ютиб чиққан. Натижада фақат ўша 6 нафар ўқитувчининг тиббий кўриги бепул амалга оширилган, холос.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 214-моддасига кўра, умумтаълим мактабларида бевосита болаларга таълим-тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт.
Тиббий кўриклардан ўтилиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмайдилар.
Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддасида, педагог ходимлар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш (давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари учун) ҳуқуқига эга экани кўрсатилган.
Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларининг мурожаатга жавоблари кутилмоқда.
Маълумот учун, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши – Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов, блогер Хушнуд Худойбердиев, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров, Экологик партия раиси Нарзулла Обломуродов, Korzinka.uz савдо тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов каби таниқли аъзоларга эга.
Ўқитувчиларга оид қонунни қабул қилиш пайсалга солиняпти
Ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан озод қилингани сўнгги йиллардаги ижобий ислоҳотлардан бири саналади.
Kun.uz республикадаги қатор мактаблар ўқитувчилари билан суҳбатлашиб, айни масала юзасидан уларнинг фикрлари билан қизиқди. Маълум бўлишича, кўп йиллардан буён ўқитувчиларнинг тиббий кўриги пуллик бўлиб келган ва бу ўтувчининг гарданига тушади. Айримларининг тиббий кўрик учун ходим чиқимдор бўлмаслигидан хабари ҳам йўқ. Бу улар учун одатий ҳолга айланиб қолган.
Ўқитувчиларнинг жамиятда тутган роли ва мавқейини оширишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида бу каби кўзга кўринмасдек туюлган, аслида жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган муаммо ҳам тез кунларда барҳам топишига умид қилиб қоламиз.
Жамоатчилик кенгашининг мурожаатига Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлиги томонидан жавоб берилганидан сўнг мавзуга яна қайтамиз.
Кези келганда эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилнинг январ ойидаёқ “Ўқитувчи мақоми тўғрисида” қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.
2020 йил ноябрида эса “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинганди. Лойиҳаларда ўқитувчилар мавқейини оширишга қаратилган янгиликлар кўзда тутилган эди, лекин улар лойиҳалигича қолиб кетди.
Мавзуга оид
17:14 / 23.12.2024
Қамоққа олинган шахс учун мажбурий тиббий кўрик жорий этилиши мумкин
12:08 / 21.12.2024
Загребдаги мактабда пичоқли ҳужум: бир бола ҳалок бўлди, яраланганлар бор
19:39 / 19.12.2024
Наманганда мактаб директори хизмат хонасини қиморхонага айлантирди
16:56 / 13.12.2024