Ўзбекистон | 08:59 / 17.08.2021
32556
2 дақиқада ўқилади

Президент ҳудудларга ташрифи пайтидаги кўзбўямачиликлар ҳақида гапирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровга интервью берди.

Фото: Президент матбуот хизмати (архив)

Давлат раҳбари суҳбат давомида ҳудудларга ташрифи пайтидаги кўзбўямачиликлар ҳақида ҳам гапириб ўтди.

“Афсуски, неча бор айтишим, огоҳлантиришимга қарамасдан, жойларда фақат менинг ташрифим олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида “майсазор” ва “гулзор”лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжа кўрсин ишлар давом этмоқда. Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти. Лекин қандай бўлмасин, бу каби иллатларга бутунлай чек қўйишимиз керак. Чунки бундай ҳолатлар ростгўй, сохта гап ва ишни умуман қабул қилмайдиган халқимизнинг асл табиатига мутлақо ётдир.

Маҳаллий ҳокимият идораларининг иши Президент келиб кетиши билан тугамасдан, аксинча, ташрифдан кейин янгитдан бошланиши, ҳатто олдингидан ҳам кўпайиши лозим. Шундагина ишимизда суръат ва сифат бўлади, натижа учун ишлашга ўрганамиз. Илгари ҳокимлар ташрифдан ташрифгача бўлган вақт оралиғида бамайлихотир, таъбир жоиз бўлса, ялло қилиб юрарди, энди эса улар ўз олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйиб, халқ билан маслаҳат асосида астойдил ишламоқда. Чунки улар билади: Президент келгуси сафар албатта ҳар бир масала бўйича аниқ натижани сўрайди”, деди Шавкат Мирзиёев.  

Мавзуга оид