Жамият | 20:03 / 18.08.2021
36014
6 дақиқада ўқилади

Меҳрибонлик уйлари: Мунгли нигоҳлар ва янги уйлар хушхабари

Президент қарори асосида меҳрибонлик уйларининг 18 ёшга тўлган тарбияланувчиларига янги қурилган кўпқаватли уйлардан квартиралар берилмоқда. Бу уйлар ҳозирда яшаш учун зарур бирламчи жиҳозлар билан тўлдирилмоқда.

Квартиралар мустақилликнинг 30 йиллиги байрами арафасида ўз эгаларига топширилади. Биз ушбу янгилик сабаб бўлиб, Тошкентдаги 23-сонлик меҳрибонлик уйида болалар ва мутасаддилар билан суҳбатлашдик.

Ҳар бир боланинг тарихи бор

Ҳар бир боланинг ўз тарихи, қисмати, оғриқлари бор, эшитсангиз йиғлайсиз, дейди 23-меҳрибонлик уйи директори Зебо Каримова.

“Бир боламиз бор: 9-синфни битирди. Ташқаридан бегона одам келса, худди уни қидириб келгандек ҳали ҳам кимдирини излайди. Ундан “Сен бу ерга қандай келиб қолгансан”, деб сўрадим. Бола кўзи тўла ёш билан, онаси Чорсу бозорига олиб бориб сен шу ерда ўтириб турасан деб ташлаб кетганини айтади. “Мен бир кун кутдим, онам келишини”, – дейди. Болалигидаги бу хотиралар қалбида чандиқ бўлиб қолиб кетган. Ҳали ҳам бир кун онамни кутган жойимни эслайман дейди у.

Эшитишимча, "мени ҳеч ким сўрамадими, ҳеч ким телефон қилмадими", деб суриштириб юраркан...”

“Онам ёмон туш кўргандек унутиб юборишни сўради...”

16 ёшли Самир меҳрибонлик уйига 6 ёшида келганини айтади.

“6 ёшимда дадам онамга болаларни меҳрибонлик уйига топширамиз деб айтганлар. Онам кўнмаган. Лекин қанчадир вақт ўтгандан кейин акам билан опамни беришган. Мактабга чиқиш вақтим бўлганда чиқариша олмаган, чунки онамнинг пропискаси бўлмаган. Ўшандан кейин дадам мени болалар уйига топширган. Кейин 24-меҳрибонлик уйига ўтказишган, бу ер ёпилгач, 21-меҳрибонлик уйига кўчиришган.

Ўқишни хоҳламаганман, ҳаётга қизиқишим сўнган. Онамни соғинганман, онам оналик ҳуқуқидан маҳрум қилингани учун мени кўришга келганида киришга рухсат бермаганлар. Мактабга борганимда опам билан учрашганман. Опамдан онамнинг телефон рақамини олганман.

Кейин мени Санаторияга ётқизишди, у ерга онам ҳар куни келиб турдилар. Онамнинг ҳар куни келаётганини билишгач, мени у ердан олиб чиқиб кетишди. Шундан кейин онамни бошқа кўрмадим.

Мактабда умуман яхши ўқимаганман, чунки яшашга ҳам ҳолим қолмаган.

Онам мени (видеода) кўрган тақдирда ҳам олиб кетмайди. Чунки кеча телефон қилиб: "Ойи, олиб кетинг, ҳозир президент қарори чиқди: агар ота-онаси, уйи бўлса, болалар меҳрибонлик уйида қолмаслиги керак. Ойи, олиб кетинг, қийналмайсиз, ёрдам беришади”, дедим. Улар: “Сени олиб кета олмайман, хафа бўлма, ўғлим. Aгар шунчалик кетгинг келаётган бўлса ёки соғинаётган бўлсанг, шунчаки ёмон туш кўргандек унутиб юбор”, дедилар.

Тўғрисини айтаман, отамни кўришни ҳам хоҳламайман. Чунки кичкиналигимда опамни зўрламоқчи бўлган ва шу ишни қилган ҳам. Опам шундан бери кўринишинг, гапиришинг дадангга ўхшаб кетяпти, сенга қараш менга оғир тушяпти”, деб юзимга ҳам қарамайдилар. Отам қилган гуноҳ ишларда менинг айбим нима? У шу ишни қилган бўлса, мен қилмадим-ку”.

“Меҳрибонлик уйига тушиб қолмаганимда қандай катта бўлардим, билмайман”

17 ёшли Зилола 10 йилдан буён 23-меҳрибонлик уйида тарбия топмоқда.

“Онам мени ташлаб кетганлар. У пайтларда бир ёшли синглим ўлиб қолган. Келган пайтларим йиғлаганман, дадамни соғинганман. Ҳозир ёнимга келиб турадилар. Шу ерга тушиб қолганим учун Худога шукр қиламан. Бўлмаса, қандай катта бўлардим, қандай мактабда ўқир эдим, билмайман. 18 ёшга тўлганимда дадам мени олиб кетишга сўз бердилар.

Онам ҳақида гапиришни хоҳламайман, улар психик касал бўлганлар”, – дейди у.

Меҳрибонлик уйларидаги болаларнинг аксариятининг ота-онаси бор

Aчинарлиси, меҳрибонлик уйларида чин етимлар жуда кам, кўпчилигининг ота-онаси бор.

“Кўп болаларимизнинг қариндошлари, ота-онаси бор. Чин етимлар жуда кам. Болаларни етим даражасига олиб бормасликни жуда хоҳлардим. Битта оиладан 3-4талаб фарзандларини меҳрибонлик уйига ташлаб кетганлар ҳам бор", – дейди 23-меҳрибонлик уйи тарбиячиси Матлуба Ҳошимова.

Янги уйлар хушхабари

Президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби ўрнатилди.

Унга кўра, ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали янги уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратиладиган бўлди.

“Янги қарор чиқиши жуда хурсандчилик бўлди. Вояга етган, ўқийдиган, ишлайдиган 34 нафар боламиз шу кунгача ҳам меҳрибонлик уйида истиқомат қиларди. Низом бўйича 18 ёшга тўлгач, меҳрибонлик уйини битириб чиқиб кетиши керак. Лекин уй-жойи вақтида бўлмагани учун мана шу ерда ҳаммаси яшарди. Икки кун ичида 25 нафар боламиз уй-жой билан таъминланди.

Олдинги берилган уйлар ётоқхоналар, эски уйлар эди. Президент қарорига асосан, болаларга янги қурилган, замонавий уйлар берилди. Ҳаммасининг уйида жиҳозлари бор, бориб кўриб хурсанд бўлдик”, – дейди 23-меҳрибон уйи директори Зебо Каримова.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид