Ўзбекистон | 04:09 / 02.09.2021
37339
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги машҳур биноларда Ўзбекистон байроғи тасвирланди

Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганига 30 йил бўлди. Шу муносабат билан бутун дунёда ўзбек халқини бу буюк байрам билан табриклашмоқда. Турли мамлакат раҳбарлари ўзбек халқига табриклар йўллаяпти.

Шунингдек, дунёдаги машҳур биноларда ўша мамлакат ўзбек халқи билан бирга эканини кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон байроғи тасвирланди. БААнинг Дубай шаҳридаги машҳур Бурж Халифа биносида Ўзбекистон байроғи пайдо бўлиб, ундаги экранда Ўзбекистон ҳақида ролик қўйилди. Шунингдек, Дубайдаги машҳур мусиқали фавворада ҳам Ўзбекистон байроғи тасвирланиб, ўзбекча қўшиқлар қўйилди.

Туркиядаги машғур биноларда ҳам Ўзбекистон байроғи тасвирланди. Машҳур Фотиҳ Султон Меҳмет кўпригини узоқдан кўрганлар Ўзбекистон байроғини таниган бўлишлари керак. Шунингдек, Анқарадаги Атакўле телеминорасида ҳам Ўзбекистон байроғи тасвирланди. Ундаги экранда эса Ўзбекистон ва Туркия байроқлари айланди.

Малайзиядаги Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Инстаграмдаги саҳифасида мустақилликка бағишланган махсус видео жойлади. Унда Малайзиядаги машҳур биноларда Ўзбекистон байроғи тасвирланганини кўриш мумкин. Хусусан, Куала-Лумпурдаги машҳур эгизак биноларда ҳам.

Бу борада Google ҳам қараб турмади. Қидирув тизимида Ўзбекистондан кирадиганлар учун Google сўзининг тепасида Ўзбекистон байроғи пайдо бўлди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон байроғи Нью-Йоркдаги Таймс-сквер экранида ҳам намойиш этилди.

Шунингдек, Ниагара шаршараси Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига Ўзбекистон байроғи рангларида гавдаланди.

 

Мавзуга оид