Жаҳон | 03:11 / 13.09.2021
49067
2 дақиқада ўқилади

Интернетда “Ал-Қоида”нинг ўлган деб тахмин қилинувчи етакчиси видеоси тарқалди

2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган терактларнинг 20 йиллигида интернетда “Ал-Қоида” етакчиси Айман аз-Заваҳирийнинг видеомурожаати пайдо бўлди. Эътиборлиси, 2020 йил охирида аз-Заваҳирий ўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу ҳақда ғарб ОАВларга таяниб Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.

Видеомурожаатда террорчи гуруҳ етакчиси Ал-Қудс ҳеч қачон яҳудийларники бўлмаслиги ва “Ал-Қоида”нинг турли ерларда, жумладан жорий январда Сурияда амалга оширган ҳужумларини юқори баҳолашини айтади.

Бундан ташқари, террорчилар етакчиси Афғонистондан хорижий кучлар олиб чиқилишига тўхталиб ўтган, бироқ Афғонистоннинг “Толибон” томонидан эгаллаб олингани ҳақида ҳеч нарса демаган.  

2020 йил охирида аз-Заваҳирий ўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ буни тасдиқловчи маълумотлар ҳанузгача келтирилмаган. Экспертларнинг таъкидлашича, “Ал-Қоида” етакчисининг ушбу видеоси у яқинда суратга олинганини англатмайди, чунки аз-Заваҳирий видеода эслаб ўтган АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши бўйича келишув 2020 йил февралдаёқ имзоланган.

Мисрлик Айман аз-Заваҳирий Усома бин Лодин йўқ қилингандан кейин “Ал-Қоида” етакчисига айланганди.

Мавзуга оид