Ўзбекистон | 15:16 / 13.09.2021
3561
2 дақиқада ўқилади

Тўрткўлда ёмғирлатиб суғориш технологияси ишга туширилди

Тўрткўл туманида сув тежовчи, ёмғирлатиб суғориш технологияси ишга туширилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби хабар берди.

Қайд этилишича, туманда келгуси йил ҳосили учун экиладиган ғалла майдонларида жами 1 000 гектар ер майдонида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш режалаштирилган.

Ҳозирги кунгача 610 гектар майдонда ушбу технологияни жорий қилиш бўйича фермер хўжаликлари ва қурувчи ташкилот “Омад Старт” МЧЖ ўртасида шартномалар расмийлаштирилди. Шунга мувофиқ, «Тозабоғёп» ОФЙдаги “Агро Абсолют” фермер хўжалигига қарашли 2 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологияси ишга туширилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёмғирлатиб суғориш технологиясида суғориш ишлари тўлиқ автомат тарзда амалга оширилади. Cуғориш меъёрини камайтириш ёки кўпайтириш орқали тупроқнинг намиқиш чуқурлигини эҳтиёжга қараб ўзгартириш мумкин. Бунда сув дала бўйлаб бир текис тақсимланади.

Шунингдек, ёмғирлатиб суғорилганда далада микроиқлим яратилиб, экиннинг жадал ўсиб-ривожланишига қулай шароит яратилади. Бундан ташқари, минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий воситаларни сувга қўшиб бериш ҳам мумкин. Далада суғориш эгатлари ва ўқариқлар олишга зарурат туғилмайди. Оқава сувлар бўлмаганлиги туфайли далани кам меъёрдаги сув билан ҳам сифатли суғоришга эришилади.

Маълумот учун, жорий мавсумда ушбу технологияни Қорақалпоғистоннинг бошқа туманларидаги 10 минг гектардан ортиқроқ майдонларда ўрнатиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2050 йилга бориб Амударё ҳавзасида сув ресурслари 15 фоизгача камайиши мумкинлиги айтилганди.

Мавзуга оид