Ўзбекистон | 11:34 / 15.09.2021
3832
3 дақиқада ўқилади

“Ўзагросуғурта” кетма-кет учинчи йил Fitch Ratings'да "BB-" рейтингига эга бўлди

Бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда суғурта хизмати молия-кредит институтининг стратегик секторларидан бири ҳисобланади. Айнан суғурта туфайли давлат ва унинг фуқароларини, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳаларни замонавий жамиятда жуда кўп тўқнаш келадиган хавф-хатарлардан ҳимоя қилишлари мумкин.

Мамлакат суғурта бозорининг етакчи иштирокчиларидан бири “Uzinsurance” (“Ўзагросуғурта” АЖ) мазкур йўналишда фаолият самарадорлигини таъминлаш, янги инновацияларни жорий этиш, нафақат маҳаллий, балки халқаро суғурта бозорида ҳам тенг рақобатга кириша олиш ҳамда давлат кафолатисиз хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида таркибий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мазкур саъй-ҳаракатларнинг самараси сифатида компания кетма-кет учинчи йил “Фитч” (Fitch) халқаро рейтинг агентлиги томонидан “ВВ–” барқарор рейтингига эга бўлди. Бу ҳақда компаниянинг расмий веб-сайтида маълум қилинди.

“Fitch” ҳисоботларида, 2020 йил якунида “Ўзагросуғурта” АЖ капитализациялашуви етарли даражада эканлиги Solvency-I формуласи бўйича тўлов қобилияти маржасининг норматив кўрсаткичи 2,07х бўлса, бу кўрсаткич 2019 йил охирида 1,68х ни ташкил этган.

Шунингдек, ҳисоботда компаниянинг ҳаёт суғуртаси билан боғлиқ бўлмаган хизмат турлари андеррайтинги (хатарларни баҳолаши) даромадлилиги кўрсатиб ўтилган бўлиб, жумладан, комбинациялашган коэффициенти 2020 йилда 96 фоизни, 2019 йилга нисбатан (105 фоиз) яхши тарафга ўзгарганлиги қайд этилиб, бунинг асосий сабаби сифатида маъмурий харажатлар қисқартирилгани кўрсатиб ўтилган.

Мазкур нуфузли халқаро агентлик асосан молия соҳасида фаолият олиб бораётган компанияларнинг қимматли қоғозлари, суғурта хизмати сифати ва қамрови, активлари ҳамда депозит портфели, шунингдек, молиявий ҳолатидан келиб чиқиб баҳолайди.

“Fitch” компаниясининг мутахассислари кўп йиллик тажрибага эга ва капитал бозорларини таҳлил қилишда фойдаланиладиган кўплаб мамлакатларнинг ички иқтисодий механизмлари тўғрисида аниқ билимларга эга. “Фитч”дан олинган таҳлиллар ва прогнозлар анъанавий равишда ишончли ва ошкора ҳисобланади.

Дунёнинг кўплаб инвесторлари “Фитч”нинг кредит рейтингига таяниб иш кўради. Демак, “Ўзагросуғурта” АЖга жаҳон суғурта ва қайта суғурта бозорларида кенг фаолият олиб бориш имконияти яратилган. Шунингдек, Жамият учун маҳаллий экспортёрлар ва Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи бўлган инвесторларни суғуртавий ҳимоя орқали қўллаб-қувватлаш имконияти кенгаяди.

Ушбу рейтинг кўрсаткичи олинган мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилиш кафолати, юқори салоҳиятли инвесторлар учун ишончлилик даражасини белгилайди. Бу эса хорижий инвесторлар ва маҳаллий аҳолининг суғурта хизматига ишончини янада мустаҳкамлаш учун муҳим индикатордир.

“Uzinsurance” Ахборот хизмати

Мавзуга оид