Ўзбекистон | 13:43 / 30.09.2021
16162
2 дақиқада ўқилади

Фарзандликка олиш билан боғлиқ чекловлар соддалаштирилмоқда

Сенат ялпи мажлисида “Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, миллий қонунчиликда жорий қилинган фарзандликка олиш институтидан фойдаланилган ҳолда 2017 йилда 4 минг нафар бола суд тартибида фарзандликка олинган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 4,1 мингтани, 2019 йилда эса 4,3 мингтани ташкил этган.

Бугунга келиб фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка олганларга нисбатан анча юқорилигича қолмоқда. Оқибатда ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, шу жумладан, бола савдоси билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда.

Янги қонун билан Оила кодекси ҳамда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Эндиликда қонун билан ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турларини содир этиб, жазо муддатини ўтаганларга нисбатан фарзандликка ва васийликка олиш имконияти яратиляпти.

Боланинг энг устувор манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахслар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда.

Мавзуга оид