Жаҳон | 12:54 / 05.10.2021
13832
4 дақиқада ўқилади

Нобель ҳафталиги: Тиббиёт бўйича 2021 йилги совриндорлар эълон қилинди

Фото: AP

4 октябрдан жорий йил учун Нобель мукофоти совриндорларини эълон қилиш ҳафталиги бошланди. Унинг доирасида Швеция қироллик фанлар академияси тиббиёт ва физиология бўйича 2021 йилги Нобель мукофоти совриндорларини эълон қилди. Ушбу йўналишда нуфузли мукофот Калифорния университети профессори Дэвид Жулиус (Devid Julius) ва АҚШдаги Скрипс илмий-тадқиқот институти ходими Ардем Патапутянга топширилди.    

Иккала олим ҳам америкалик бўлиб, улар Нобель мукофотини организмда ҳарорат ва тегишларга жавоб берувчи рецепторларни очгани учун олишди. Яъни олимлар одамнинг сезгилари асосида нима ётиши ва уларнинг механизмини ўрганиб чиқишган.

1990-йилларда Дэвид Жулиус чили қалампири, янада аниқроғи унинг таркибидаги капсаицин моддаси билан тажрибалар ўтказган. Айнан ушбу модда чили қалампирини дазмол куйдиргандек каби аччиқ қилади.

Олим натижада дастлаб организмда аччиқни сезишга имкон берувчи генни, сўнгра эса иссиққа, яъни ҳароратга жавоб берувчи генни аниқлаган. Ушбу рецептор TRPV1 деб аталган.

Ардем Патапутян эса ўз кашфиётини 2010 йилда амалга оширган. У терида механик таъсир, аниқроғи босишга жавоб берувчи рецепторлар — Piezo1 ва Piezo2’ни аниқлаган. Яъни бу рецепторлар терига тегилганда, мисол учун уни силаганда “ишга тушган”. Кейинроқ аниқланишича, ушбу рецепторлар одамга нафақат сезиш, балки ўз танасининг фазодаги ҳолатини сезиш қобилиятини ҳам беради.

Кейинчалик иккала олим биргаликда “совитувчи” таъсирга эга моддалар – ялпиз ва ментол билан тажрибалар ўтказишган ва натижада совуқни сезишга жавоб берувчи TRPM8 рецепторини аниқлашган.

Нобель қўмитаси баёнотида таъкидланишича, совриндорлар “инсон сезги органлари ва атроф-муҳит ўртасидаги мураккаб боғлиқликни тушунишда етмаётган муҳим бўғинларни аниқлашга муваффақ бўлишган”.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, 1901 йилдан 2020 йилгача тиббиёт йўналишида Нобель мукофотини 222 олим олган. Жумладан, 2020 йилда ушбу йўналишда мукофот билан америкалик вирусологлар Харви Олтер, Чарльз Райс ва британиялик Майкл Хаутон гепатит С вирусини аниқлашгани учун тақдирланишган.

Жорий ҳафтада Нобель қўмитаси яна 4 йўналиш бўйича совриндорларни эълон қилади. Жумладан, 5 октябрда физика, 6 октябрда кимё, 7 октябрда адабиёт, 11 октябрда эса иқтисодиёт бўйича Нобель совриндорлари маълум қилинади.  

8 октябрда эса Норвегия пойтахти Ослода тинчлик бўйича Нобель совриндори эълон қилинади. Унга 329 номзод даъвогарлик қилмоқда.

2020 йилда Нобель мукофоти қиймати 9 млн швед кронасидан 10 млнгача (986 минг евро) оширилганди. Жорий йилда ҳам мукофотларни топшириш маросими пандемия сабабли Стокҳолмда эмас, балки онлайн тарзда совриндорлар яшовчи давлатларда ўтказилади. Шу билан бирга, тинчлик бўйича Нобель мукофотини топшириш бўйича ҳали бир тўхтамга келинмаган ва у анъанавий равишда Ослода топширилиши ҳам мумкин. Бунгача Нобель мукофотларини топшириш маросими анъанавий равишда Стоҳколм ва Ослода мукофот таъсисчиси Альфред Нобель вафот этган кун – 10 декабрда ўтказиб келинган.

Мавзуга оид