Ўзбекистон | 22:27 / 08.10.2021
25656
2 дақиқада ўқилади

Карантинда яратилган антиқа "баклажка" супургилар

Нукуслик Пўлат Балтабаев антиқа супурги ясамоқда. Бунинг учун у оддий пластик идишлардан фойдаланади. "Баклажка" супургилар 3 хил катталикда тайёрланади. Бунинг учун ишлатилган оқ, қора, қўнғир, яшил ва кўк рангли пластик идишлар танлаб олинади.

Битта супургини ясаш учун 40 та "баклажка" кетади. Пластик идишлар аввал махсус қозонда қайнатилиб тозаланади. Кейин махсус дастгоҳда қирқилади.

Ҳунарманд кунига 2-3 дона супурги ясайди. Унинг ойлик даромади ҳозирда ўртача 2 млн сўмни ташкил қилмоқда.

У гиламдаги майда толаларни ҳам тозалаш хусусиятига эга. Кўчага ташланган пластик идишлар иссиқ об-ҳавода табиат ва одамга зарар деб эшитганман. "Баклажка"ни кўчага чиқинди қилиб ташлагандан кўра, халқ учун фойдали буюм ясаганимиз яхши”, дейди Пўлат Балтабаев.

Пўлат ака бу ишни 2020 йилнинг феврал ойида бошлаган.

Карантин вақтидаги ишсизлик сабаб бу ишга қўл урдим. Бир куни YouTube орқали бразилиялик устанинг ишлатилган "баклажка"дан рўзғор учун ҳар хил буюм ясаётганини кўриб қолдим. Кейин хаёлимга шу пайт уйга керак бўлган супурги келди. Дастлаб уй учун, кейин яқин қариндошларга битта-биттадан бердик. Шу орқали "баклажка" супургимиз синовдан ўтди. Улар супургидаги камчиликларни айтишди. Такомиллашиб шу ҳолатга келди”, дейди нукуслик ҳунарманд.

Пўлат Балтабаевнинг қўшимча қилишича, энди экологик тоза супургиларга қўшни вилоятлар ва Қозоғистон давлатидан буюртмалар қабул қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин темирдан рўзғор буюмларини ясаб, кунига 200 минг сўм даромад қиладиган 14 ёшли ҳунарманд қиз ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири.

Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид