Ўзбекистон | 14:58 / 13.10.2021
3698
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Словения аксилкоррупция органлари ўртасида меморандум имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Словения Республикаси Коррупциянинг олдини олиш комиссияси ўртасида ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Бу келишувга Ўзбекистон томонидан агентлик директори Акмал Бурҳонов бошчилигидаги делегациянинг Словениядаги ташрифи давомида эришилган.

Агентлик матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Словения Республикаси Коррупциянинг олдини олиш комиссияси раҳбарияти билан учрашув доирасида томонлар кадрлар малакасини ошириш юзасидан тадбирлар ташкил этиш, тажриба алмашиш, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ахборот алмашиш, икки давлат коррупцияга қарши курашиш органлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш механизмларини жорий қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Словениянинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тажрибаси ҳақида маълумотлар алмашинди.

Ташриф доирасида Словения парламенти, Давлат бошқарув вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, суд органлари, Ахборот комиссарлиги ва Transparency International халқаро ташкилотида ҳам учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид