Афғонистонда яна шиалар масжидида портлаш. Ўнлаб қурбонлар бор
Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятидаги шиалар масжидида жума намози вақтида портлаш содир бўлди. «Бахтар» агентлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 62 киши ҳалок бўлиб, 68 киши яраланган. Бу америкалик ҳарбийлар олиб кетилганидан буён мамлакатда содир этилган энг қонли теракт бўлди.
Ўтган ҳафтада ҳам Қундуздаги шиалар масжидларидан бирида жума намози вақтида террорчи худкуш ўзини портлатиши оқибатида 50 киши ҳалок бўлган - бу америкаликлар август ойи охирида мамлакатни тарк этганидан буён содир этилган энг йирик терактга айланганди.
Бу сафарги портлаш ҳам террорчи худкуш ўзини портлатиши оқибатида содир этилгани истисно қилинмаяпти.
Гувоҳлар «Франс пресс» агентлигига учта портлаш овозини эшитишгани ҳақида айтишган: уларнинг сўзларига кўра бир портлаш Биби-Фотима масжидига кириш қисмида, бошқаси масжиднинг жанубий қисмида, учинчиси - масжид таҳоратхонасида рўй берган.
«Франс пресс»нинг Қандаҳордаги корреспонденти хабар беришича, портлаш рўй берган вақтда масжид ҳудудида одам кўп бўлган. Воқеа жойига камида 15та «Тез ёрдам» машинаси етиб келган.
Ижтимоий тармоқларда масжид ичкарисида кўплаб жасадлар ва жароҳатланган намозхонлар ётгани акс этган видеоёзувлар тарқалган.
«Толибон» ҳаракати вакиллари ҳам воқеа жойига етиб келишган, улар маҳаллий аҳолини жабрланувчилар учун қон топширишга чақиришмоқда.
Толиблар вакили Қори Саид Хўстий ҳозирда масжидга қилинган ҳужум тафсилотлари ўрганилаётганини маълум қилган.
8 октябрь куни Қундузда содир этилган портлаш учун жавобгарликни «ИШИД-Хуросон» гуруҳи ўз зиммасига олганди.
Асосан суннийлар яшовчи Афғонистонда диний озчиликни ташкил этувчи шиалар ИШИД учун нишонга айланган. Афғон шиаларининг аксар қисми - форсий тилида сўзлашувчи ҳазорийлардир.
Эроннинг Афғонистондаги элчихонаси Қандаҳордаги ҳужумни кескин қоралади.
«Умид қиламизки, «Толибон» етакчилари ваҳшийларча амалга оширилган ушбу террорчилик ҳужумига қарши қатъий ҳаракатларни амалга оширади», дейилади элчихонанинг твиттердаги хабарида.
ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси ҳисобланувчи «ИШИД-Хуросон» «Толибон»га қарши турмоқда ва сўнгги ҳафталарда мамлакатнинг шарқий ҳудудларида толибларга қатор ҳужумлар уюштирди.
Бу гуруҳ яқин ўтмишда ҳам Афғонистондаги диний озчилик ҳисобланган шиаларга қарши кўплаб ҳужумлар уюштирган: худкуш террорчилар масжидлар, спорт клублари ва мактабларни портлатган. Сўнгги ҳафталарда ишидчилар толибларга ҳужумлар кампанияси олиб борди.
Москва: Афғонистон шимолида ИШИДнинг юзлаб жангарилари бор
Россия президенти Владимир Путин жума куни ИШИД таъсиридаги юзлаб жангарилар Афғонистон шимолидаги ҳудудларда ўрнашгани ҳақида гапирди.
«Россия разведкаси маълумотларига кўра, мамлакат шимолида ИШИДнинг 2000га яқин жангариси бор», деган Владимир Путин.
Бундан аввалроқ Путин ИШИДнинг Ироқ ва Сурияда жанг қилган аъзолари Афғонистонга кўчиб ўтгани ва улар собиқ иттифоқ ўрнида ташкил этилган Марказий Осиёдаги республикалардаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниши мумкинлиги хавфи борлигини айтганди
Путин америкаликлар кетгач Афғонистондаги вазият мураккаблашганини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, вазият ИШИДга алоқадор гуруҳлар фаоллашуви туфайли мураккаблашмоқда.
Кейинги ҳафтада Москвада Афғонистондаги вазият кенг муҳокама қилинади. Музокараларда Россиядан ташқари, АҚШ, Хитой ва Покистон томонлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Афғонистон масаласи бўйича маслаҳатлашувларда иштирок этиш учун Москвага «Толибон» делегацияси ҳам таклиф қилинган.
Мавзуга оид
13:27 / 25.12.2024
Магдебургдаги фожиа: ҳужум қилган шахс машинасида васиятнома топилди
20:42 / 04.12.2024
Россияда «Крокус»даги терактга алоқадор яна тўрт киши қўлга олинди
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
15:12 / 09.11.2024