Ўзбекистон | 11:31 / 18.10.2021
7145
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева хотин-қиз сайловчилар сонини маълум қилди

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Бугун, 18 октябр куни Тошкент шаҳридаги президент сайловини ёритиш бўйича Халқаро медиа ҳоллда “Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда сайловларда уларнинг фаоллигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда

Сенат раиси Танзила Норбоеванинг тадбир давомида маълум қилишича, бугунги кунда Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 104 нафари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 65 минг 974 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

“Ўзбекистонда аёллар сайлов жараёнларининг барча босқичларида фаол қатнашиши учун эркаклар билан тенг шароитлар яратилганини ҳисобга олиб, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш сиёсатини кучайтириш муҳим масала.

Бугунги кунда президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 104 нафари ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 65 минг 974 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. 2019 йил Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловда участка сайлов комиссияларининг таркибида 54 минг 361 нафар аёл иштирок этган. Бу йилги рақамлар билан ушбу кўрсаткич солиштирилганда 21,3 фоизга ошганлигини кўриш мумкин. 

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда хотин-қиз сайловчилар сони қарийб 11 миллионни ташкил этади”, деди Сенат раиси.

Аввалроқ, Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш бошлангани хабар қилинганди. Муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14-20 октябрь кунлари ўтказилади

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш учун сайловчи сабабини кўрсатган ҳолда тегишли сайлов участкасига ариза билан мурожаат қилади. Тўлдирилган сайлов бюллетени ёпиқ конвертда, тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади.

Мавзуга оид