Жаҳон | 10:42 / 27.10.2021
22951
4 дақиқада ўқилади

Ангела Меркель энди канцлер эмас. Германия президенти унга ваколат муддати якунланганини айтди

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер 26 октябрь куни кечқурун канцлер Ангела Меркелга унинг канцлерлик ваколати муддати якунлангани тўғрисида расмий хабарнома топширди. Энди, сентябрь ойида бўлиб ўтган сайловлар натижалари бўйича янги ҳукумат шакллантирилгунга қадар Меркель мамлакатни вазифа бажарувчиси мақомида бошқариб туради. Меркель Германияни 15 йилу 338 кун бошқарди; агар унинг ўринбосари ким бўлиши 19 декабргача ҳам тасдиқланмаса, у мамлакатнинг янги тарихида энг узоқ муддат давомида ҳукуматни бошқарган Ҳельмут Колнинг рекордини янгилайди. Мамлакатнинг янги канцлери Социал-демократлар партияси етакчиси Олаф Шольц бўлиши кутилмоқда, у сўнгги уч йил давомида ҳукуматда вице-канцлер лавозимида ишлаган. Меркель яна кўп йиллар давомида Германия канцлери бўлиб қолиши ҳам мумкин эди, аммо у 2020 йилда навбатдаги сайловлардан кейин истеъфога чиқишини маълум қилганди.

Фото: Hannibal Hanschke / Reuters / Scanpix / LETA

Германияда ўтган парламент сайловларидан роппа-роса бир ой ўтгач, 26 октябрда бундестагнинг янги таркиби илк йиғилишини ўтказди. Шу куни мамлакат канцлери Ангела Меркелнинг ваколатлари муддати расман якунланди. Бироқ у янги канцлер сайлангунча ушбу лавозимда қолади. Буни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер илтимос қилган.

Штайнмайер Меркелга ваколатлари тугагани ҳақидаги ҳужжатни топширди ҳамда унга ва у бошчилигидаги ҳукуматга миннатдорлик билдирди. Германия президенти Меркелнинг канцлерлик даврини “Германия тарихидаги буюк кунлар” деб атади.

“Сиз, ҳурматли канцлер хоним, қадрдон Ангела Меркель учун ҳукуматдаги 16 йиллик раҳбарлик тугамоқда. Сизга бу 16 йил, инқирозлар ва силсилаларга тўла даврда мамлакатимизни ўз ортингиздан эргаштира олганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Бу жиддий, ҳам молиявий, ҳам иқтисодий инқирозлар, евро инқирози, коронавирус инқирози йиллари бўлди. Сиз, авваламбор, фуқаролар ишончини қозона олдингиз”, деб айтган Штайнмайер.

Меркель Германия канцлери лавозимини 2005 йилдан бери эгаллаб келаётганди.

Германия конституциясида федерал президент янги канцлер тайинланмагунча амалдаги канцлер ва унинг ҳукуматидан ўз ишини давом эттиришини сўраши мумкинлиги кўзда тутилган. Бундай ҳолатда канцлер ҳам, вазирлар ҳам президентнинг илтимосига рад жавоби бера олмайди.

Янги чақириқдаги бундестаг ўзига раисни танлади. Ушбу лавозимни демократ Бербель Басс эгаллади. Унинг номзодига 576 депутат овоз берган, 90 нафари қарши чиққан, 58 депутат эса бетарафлик билдирган.

53 ёшли Басс мамлакат тарихида парламент раиси лавозимини эгаллаган учинчи аёлга айланди. У 2009 йилдан бери бундестаг депутати ҳисобланади.

26 сентябрда Германияда ўтган сайловларда 25,7 фоиз овоз билан Германия социал-демократик партияси ғалаба қозонганди. 2-ўринни Меркелнинг Христиан-демократик ва Христиан-социалистик иттифоқлар блоки эгаллаган.

Германияда одатда парламент сайловларида ғалаба қозонган партия номзоди канцлер лавозимини эгаллайди. Айни вақтда ушбу лавозимга Германия социал-демократик партиясидан Олаф Шольц ҳамда Христиан-демократик ва Христиан-социалистик иттифоқлар блокидан Армин Лашет асосий даъвогар ҳисобланади.

Ҳозирда Германия социал-демократик, Эркин демократик ва “Яшиллар” партиялари ҳукмрон коалицияни тузиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Эҳтимолларга кўра, янги канцлер декабрда тайинланади. Ўшанда амалдаги ҳукумат буткул ўз ваколатларини топширади. Агар янги ҳукуматни шакллантириш 17 декабрдан чўзилиб кетса, унда Меркель Германия ҳукуматига раҳбарлик қилиш давомийлиги бўйича собиқ канцлер Гельмут Кол рекордини янгилайди.

Мавзуга оид