Light | 16:19 / 29.10.2021
28294
4 дақиқада ўқилади

Сут тишларини даволаш керакми?

Кўпинча сут тишлари кариес оқибатида зарарланади. Бу сурункали юқумли касаллик бўлиб, болаларда 6 ойликдан, янги тишлар чиқиши билан бошланади.

Фото: Getty Images

Касалликни катталар сўлаги орқали ўтадиган кислота ҳосил қилувчи бактериялар чақиради. Бактериялар, масалан, сўрғични ялаганда ёки умумий идиш, овқат орқали ўтиши мумкин. Микроблар тишга жойлашади, овқат ва ичимликлар таркибида шакар бўлганида фаол тарзда кўпаяди. Гўдак кечқурун ухлашдан олдин шиша идишда сут ёки шарбат ичса, кариес ривожланиши эҳтимоли ортади.

Нима учун сут тишларини даволаш керак?

Тиш эмали зарарланганида тишларда оғриқ бошланади. Оғриқ йўқолиши учун эса тишларни даволаш керак. Баъзан ота-оналар стоматологга жуда кеч мурожаат қилишади, шунинг учун тишларни олиб ташлашга тўғри келади.

Мутахассислар кариес қуйидаги оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин деб ҳисоблайдилар:

  • болада ўсишнинг бузилиши ва вазннинг камайиши;
  • ҳаёт сифатининг ёмонлашуви;
  • ўз-ўзига бериладиган баҳонинг пасайиши;
  • нутқ ва дарсларни ўзлаштиришнинг пасайиши;
  • доимий тишларда кариеснинг пайдо бўлиши;

милк тузилишининг ўзгариши, у доимий тишлар нотўғри ўсишига сабаб бўлади.

Сут тишлари қандай даволанади?

Ҳаммаси стоматологга қайси босқичда мурожаат қилинишига боғлиқ. У даволашнинг қуйидаги вариантларини таклиф этиши мумкин:

  • Лакли фторид билан ишлов бериш. Зарарланган тишга ҳеч қандай махсус тайёргарликсиз суюқлик суртилади, у қуриб ҳимоя плёнкасини ҳосил қилади. Фтор эса микроблар кўпайишига йўл қўймайди.
  • Пломба қўйиш. Дастлаб шифокор стоматологик машина ёрдамида кариесга учраган тиш юзасини тозалайди, кейин эса уни пломбалайди. Пломба овқат ва микробларнинг бўшлиққа тушишига йўл қўймайди.

Сут тишлари: кариеснинг олдини қандай олиш мумкин?

Бунинг учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш керак:

  • Тишлар ёриб чиққунига қадар бола тонгда уйқудан уйғонгач ва ухлашидан олдин милкларини юмшоқ губка билан артинг. Бу бактерияларни йўқотишга ёрдам беради.
  • Тишлар пайдо бўлиши билан уларни фторли болалар тиш пастаси билан юмшоқ чўткада ювинг. 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларнинг тишларини кунига 2 марта 2 дақиқадан ювиш керак.
  • Болани шиша идишдаги ичимлик ёки егулик билан ухлашга ётқизманг.
  • Шиша идишдан сўрғич сифатида фойдаланманг, болага уларни узоқ вақт оғзида ушлаб туриши ёки ўйнашига рухсат берманг.
  • Ичиш учун фторли сув беринг.
  • Бола 12-15 ойлик бўлганида уни оддий пиёладан сув ичишга ўргатинг. Ана шунда тишлар орасида суюқлик тўпланмайди.
  • Овқатланишига аҳамият беринг. Бола қанд, мармелад, печенье ёки чипсларни қанчалик кам еса, тишлари ҳам шунчалик соғлом бўлади.
  • Шарбатни фақат овқат вақтида беринг ёки умуман берманг. АҚШ Педиатрия академияси мутахассислари 6 ойгача бўлган болаларга бундай ичимликларни ичиришни маслаҳат бермайдилар. 6 ойликдан 12 ойликкача бўлган болаларга суткасига 100 мл шарбатни сув аралаштирган ҳолда бериш тавсия этилади. 1-6 ёшдаги бола кунига 180 мл.дан ортиқ бўлмаган шарбат ичиши мумкин.
  • Болани 1 ёшгача бўлган даврда стоматологга олиб боринг. Бу муаммони ўз вақтида аниқлашга ёрдам беради.

Lifehacker сайтидан олинди.

Мавзуга оид