Жаҳон | 12:24 / 02.11.2021
7118
4 дақиқада ўқилади

Гутерриш: «Инсоният иқлим масалаларига эътибор қаратмай, ўзига ўзи қабр қазимоқда»

БМТ бош котиби «биохилмахилликни масхара қилиш», «ўзимизни углерод билан ўлдириш»га чек қўйишга чақирди.

© P Photo/Alberto Pezzali

Сўнгги олти йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йиллар бўлди. Иссиқхона газлари билан кураш борасидаги барча ваъдаларнинг бажарилиши ҳам яқин ўн йилликларда сайёрадаги ҳароратнинг 2 даражадан кўпроқ ортишига олиб келади. Бу ҳақда БМТ иқлим ўзгариши ҳақидаги 26-конференциясида иштирок этган бош котиб Антонио Гутерриш маълум қилди.

«Париж келишувлари имзоланганидан буён сўнгги олти йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йиллар бўлди. Бизнинг қазиб олинадиган ёнилғи турларига қарамлигимиз инсониятни тубсизликка олиб боради. Оғир танлов олдида турибмиз: ё биз бу жараённи тўхтатамиз, ё у бизни тўхтатади. «Бас, етар» дейиш вақти келди. Биохилмахилликни масхара қилиш, ўзимизни углерод билан ўлдириш, табиатга чиқинди ўраси сифатида муносабатда бўлиш, ёқиш, янада чуқурроқ қазишга бас, етар дейиш вақти келди. Ахир биз ўзимизга қабр қазияпмиз», деди у.

Гутерриш Ер сайёраси океан тубидан тортиб, то тоғ чўққиларигача кўз ўнгимизда ўзгараётганига ишора қилди. «Денгиз сатҳи 30 йил олдингига қараганда икки марта тезроқ кўтарилмоқда. Океанлар ҳар қачонгидан ҳам иссиқроқ ва исишда давом этмоқда. Амазония ўрмонларининг бир қисми ютганидан кўра кўпроқ иссиқхона газларини чиқармоқда.

Иқлим муаммолари бўйича сўнгги баёнотлар вазиятни ўзгартирадигандек тасаввур уйғотиши мумкин. Бу иллюзия. Иссиқхона газлари чиқиндиларига қарши кураш бўйича мамлакатларнинг ҳиссаси ҳақидаги сўнгги ҳисобот дунёда ҳарорат Цельсий бўйича 2,7 даража ҳалокатли кўтарилиш томон кетаётганини кўрсатмоқда. Сўнгги ваъдаларга ишонсак ҳам, уларга ҳам жиддий саволлар бор, барибир иқлим фалокатига қараб кетяпмиз. Ҳатто оптимал сценарийда ҳам ҳарорат Цельсий бўйича 2 даражадан кўпроқ кўтарилади.

Ана шу фурсатда биз мазкур иқлим масалаларига бағишланган конференцияни очяпмиз, биз фалокатга қараб ҳаракатланишда давом этмоқдамиз. Ёшлар бу ҳақида билади. Ҳар бир мамлакат буни кўриши мумкин. Кичик орол давлатлар у билан юзма-юз келишди. Улар учун мағлубият – вариант эмас, мағлубият – ўлим ҳукмидир», - дея таъкидлади Гутерриш.

БМТ бош котиби атмосферага ноль чиқиндилар бўйича нодавлат ўйинчилар мажбуриятлари таҳлили билан шуғулланувчи экспертлар гуруҳи тузилиши ҳақида маълум қилди.

«Ишонч дефицити ва чиқиндиларни қисқартириш ҳамда турли маъно ва ўлчовдаги ноль чиқиндилар мақсадлари бўйича чалкашликлар бор. Шунинг учун Париж иқлим келишувлари доирасида мавжуд механизмлардан ташқари нодавлат ўйинчиларнинг ноль чиқиндилар бўйича мажбуриятлари бўйича аниқ ўлчов стандартларини шакллантириш ва таҳлил қилиш учун экспертлар гуруҳи ташкил этилишини эълон қиламан.

Биз заиф жамоаларни иқлим ўзгариши хавфидан ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак. Сўнгги ўн йилликда 4 миллиардга яқин киши иқлим билан боғлиқ фалокатлардан зарар кўрди», - деди Гутерриш.

У ривожланаётган мамлакатлар чиқиндиларни самарали қисқартириш учун кўпроқ ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидлаган.

Конференция ҳақида

1 ноябрь куни Глазгода БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий 26-конференцияси ўз ишини бошлади. Конференция икки ҳафта давом этади. Конференция ўтган йили бўлиб ўтиши режалаштирилганди, бироқ уни ўтказиш муддатлари COVID-19 пандемияси туфайли ўзгартирилганди. Глазгодаги форум ишида қатнашиш учун 20 минг киши, жумладан, 120дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари ташриф буюришган. У ерда иссиқхона газларига қарши кураш бўйича мамлакатлар мажбуриятларини кучайтириш масаласи муҳокама қилинмоқда. 

Мавзуга оид