Ўзбекистон | 09:54 / 10.11.2021
3576
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд UNWTO Бош Ассамблеясини ўтказиш учун номзод сифатида кўрсатилди

Самарқанд шаҳри UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказишга номзод сифатида кўрсатилган. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, 2020 йил июнь ойида Ўзбекистон 2023 йилда Самарқанд шаҳрида UNWTO Бош Ассамблеясини ўтказиш учун ариза топширган. Жорий йил 30 ноябрь – 3 декабрь кунлари Мадрид шаҳрида бўлиб ўтадиган UNWTO Бош Ассамблеянинг 24-сессияси ўтказилади. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашади.

Мазкур сессияда 2023 йилда UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессияси ўтказиладиган шаҳар номи ҳам танланади. Ўзбекистон номзодини қўллаб-қувватлаш мақсадида унда Туризм ва спорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари ҳам қатнашади.

Сессия доирасида Мадрид шаҳрида Ўзбекистон делегация томонидан «Ўзбекистон маданияти билан танишиш» расмий қабули ташкил этилади. Тадбирда UNWTO Бош Ассамблеясининг 24-сессияси меҳмонлари ва иштирокчилари Ўзбекистоннинг халқ амалий санъати маҳсулотлари билан танишишлари, миллий таомлардан татиб кўришлари, ҳамда миллий фольклор жамоаларининг чиқишларини томоша қилишлари мумкин бўлади.

Мавзуга оид