Жамият | 18:11 / 03.12.2021
2088
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Ургутдаги қишлоқда трансформатор тармоққа улаб берилмоқда

Ургут туманида жойлашган Қорабоғлон қишлоғида эски трансформатор портламайдиган бўлди. Энди одамлар юрак ҳовучлаб ўтирмайди. Бу ерда одамлар пул йиғиб сотиб олган янги трансформатор ниҳоят тармоққа улаб берилмоқда.

Фото: Kun.uz

2021 йил 1 декабр куни Kun.uz’да Ургут туман Қолдивойжар МФЙ га қарашли Қорабоғлон қишлоғида ҳал бўлмай келаётган муаммо ҳақида танқидий мақола берилганди. Мақолада Қорабоғлонда яшовчи одамлар пул йиғиб сотиб олган трансформаторни туман электр тармоқлари корхонаси тармоққа улаб бермаётгани танқид остига олинганди.

Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, бугун 2021 йил 2 декабр куни «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ходимлари томонидан қишлоққа керакли жиҳоз ва ускуналар олиб борилган. Сўнг, бетон устунларга сим тортиш ишлари бошлаб юборилган.

Қорабоғлонда аҳоли сони уч баробар кўпайиб қишлоқда ўрнатилган кичик қувватли трансформаторнинг қуввати етмай қолган. Оқибатда, у бир неча марта ёниб кетган, гоҳида портлаган. Эски трансформаторни ҳадеб таъмирлатавериш харажати эса халқнинг гарданига тушаверган. Ниҳоят қорабоғлонликлар пул йиғиб янги трансформатор сотиб олишди ва чигал масалани шу тариқа ечишди.

Муаммонинг ҳал бўлиши ортидан бугун 2 декабр куни қорабоғлонлик бир гуруҳ отахонлар таҳририятга қўнғироқ қилиб миннатдорчилик билдиришди. Улар Kun.uz’да эълон қилинган танқидий мақолани эътиборсиз қолдирмаган «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ходимларини ҳам узундан-узун дуолар қилишди.

Мавзуга оид