Ҳиндистонда ҳарбийлар хатолик туфайли тинч аҳолини ўққа тутди
Ҳиндистон шимолидаги Нагаленд штатида ҳарбийлар тинч аҳоли вакилларини айирмачилар гуруҳи деб ўйлаб, янглиш тарзда ўққа тутди. AFP ахборот агентлигининг хабар беришича, бу ҳодиса ва ундан кейин юз берган тўқнашувлар оқибатида 13 фуқаро, Reuters маълумотларига кўра, 14 фуқаро ва бир ҳарбий ҳалок бўлган.
Воқеа Мьянма билан чегарадош Мон округидаги Отинг қишлоғида юз берган. “Ҳарбийларда ушбу ҳудудда қандайдир қуролланган ҳаракат ҳақида разведка маълумотлари бўлган. Шу сабабли улар юк машинасида кетаётган кончиларни айирмачилар деб қабул қилиб, ўққа тутган. Бунинг оқибатида 6 кончи ҳалок бўлган”, деб маълум қилинган полицияда.
Ушбу ҳодиса ҳақидаги хабар қишлоқда тарқалгач, маҳаллий аҳоли ҳарбийлар лагерини қуршаб олган. Шундан кейин томонлар ўртасида тўқнашувлар юз берган. Ҳарбийлар “ўзини ҳимоялаш” мақсадида одамларга ўт очган ва яна 8 фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган. Тўқнашувлар вақтида бир ҳарбий ҳалок бўлган.
“Ҳозирда Мон округида вазият жуда кескин”, деб маълум қилган штат полицияси ходими Сандип М.Тамгаж.
Ҳиндистон ички ишлар вазири Амит Шоҳ ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирган. Штат бош вазири Нейфиу Рио ҳодиса синчков тергов қилиниши ва айбдорлар жавобгарликка тортилишини айтган. У юз берган ҳодисани разведканинг “муваффақиятсизлиги” деб атаган.
Мавзуга оид
18:07
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024
Бангладеш Ҳиндистондан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани экстрадиция қилишга ёрдам беришни сўрамоқда
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
20:02 / 17.12.2024