Ўзбекистон | 16:04 / 09.12.2021
44039
2 дақиқада ўқилади

Деновдаги портлаш бўйича жиноят иши қўзғатилди

Бош прокуратура Деновдаги портлаш бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги савдо марказида рўй берган портлаш юзасидан Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.

«Деновдаги савдо мажмуасида юзага келган чақнаш ҳодисаси бўйича Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Хабарда моддаларнинг айнан қайси бандлари билан иш очилгани маълум қилинмаган.

Денов шаҳри марказидаги «Юбилейний» номи билан машҳур икки қаватли «Инденим» савдо мажмуасида 7 декабрь кунига ўтар кечаси портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 9 киши жароҳатланиб, 2 киши ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларда портлашга бир неча соат давомида газ сизиб чиқиши сабаб бўлгани айтилган. 

Савдо мажмуасида 2 ойдан бери ишлаётган Абдулла Дўланов «Дарё» мухбири билан «газ умуман чиқмагани, ҳиди чиқса, сезган бўлишлари»ни таъкидлаган. Маҳаллий аҳоли вакиллари портлаш содир бўлишидан икки кун аввал савдо мажмуасига одамлар киритилмагани, савдо уйида савдо-сотиқ амалга оширилмаганини билдирган. Шунингдек, портлаш содир бўлган маҳаллада яшовчи 71 ёшли Жума бобо Норов ҳам портлаш уюштирилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

8 декабрь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаров савдо мажмуасида газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидалари бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши портлашнинг асосий сабаби ҳисобланишини таъкидлади.

Брифингда сўз олган Бош прокуратура вакили эса дастлабки ўрганишлар портлаш бирор-бир портлатувчи модда ёки нефть маҳсулоти ёрдамида юзага келганини инкор қилаётганини билдирган.

Мавзуга оид