Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича янгича тартиб белгиланди
Президентнинг “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2021 йил 10 декабрдан бошлаб бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тартиби доирасида:
- даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга давлат бюджетидан субсидиялар тўлашда квартира майдонининг энг кўп меъёрини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар йили бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори ва дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия миқдори тасдиқланади;
- субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномани олган шахслар ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг уй-жой қийматининг камида 5 фоизига тенг бўлган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан шакллантиради;
- сотиб олинадиган квартира жойлашуви, қиймати ва майдонидан қатъи назар, дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – биринчи беш йил давомида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади;
- дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда, сотиб олинадиган квартиранинг нархи ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан дастлабки бадал суммасини ошириш орқали тўланади;
- фуқароларга ипотека кредитини олишда, биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилади;
- Молия вазирлигининг ресурслари тижорат банкларига тўғридан-тўғри ёки “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ орқали жойлаштирилади;
- тижорат банкларига қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, унинг қарз юки кўрсаткичи, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратилган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
а) кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича ўтказилган электрон онлайн-аукцион ғолибларига лот қийматининг 30 фоизини аукцион якунланган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай, қолган қисмини 12 ой давомида тенг миқдорда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;
б) 2022 йил 1 январдан бошлаб пудрат ташкилотларига давлат рўйхатидан ўтказилган қурилиши тугалланмаган, том ёпиш ишлари бажарилган кўп квартирали уй-жойларни кредит таъминоти сифатида гаровга тақдим этишга рухсат этилади;
в) 2023 йил 1 январга қадар: цемент маҳсулоти ва энергия тежамкор базальт қопламалари импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади; “Янги Ўзбекистон” массивларида, шунингдек, олдинги йилларда барпо этилган массивларда ва уларнинг бўш турган ер участкаларида уй-жой қурувчи ташкилотлар учун цемент ҳамда металл прокатини сотиш бўйича алоҳида биржа савдо секцияси жорий қилинади;
г) 2024 йил 1 январга қадар рўйхати кўрсатилган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари импортида божхона божи ва утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади.
2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан бирламчи ва иккиламчи уй-жой бозорида 1 000 та квартира сотиб олиш чораларини кўради. Сотиб олинган квартиралар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга белгиланган тартибда ажратилади.
Мавзуга оид
14:40 / 22.12.2024
Эскроу тизими: у жорий этилса, мижозлар қурувчиларга алданмайдими?
10:11 / 18.12.2024
Уй-жой қурилишида янги тизим жорий этилиши мумкин
17:03 / 04.12.2024
Термитлар туфайли яроқсиз ҳолга келган уй эгаларига бошқа уй-жой берилади
18:32 / 02.12.2024