Жаҳон | 15:27 / 15.12.2021
9121
3 дақиқада ўқилади

Акаев Қумтордаги коррупция иши бўйича сўроқ қилинди

Аввалроқ Қирғизистон собиқ президенти Сооранбай Жээнбеков «Қумтор иши» доирасида давлат хавфсизлик қўмитасига гувоҳ сифатида сўроққа чақиртирилганди.

Фото: РИА Новости

Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитасида мамлакатнинг биринчи президенти Асқар Акаевни сўроқ қилиш ишлари якунланди. Бу ҳақда ТАССга собиқ президентга яқин манба хабар берди.

“Сўроқ тугади, Акаев бинодан чиқди”, — деди манба.

Унинг маълумот беришича, собиқ президент Қумтор олтин конидаги коррупция иши бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилинган.

Акаев Қирғизистонга 14 декабрь куни кичик ўғли Илим билан келган бўлиб, бир-икки кун ичида Москвага қайтиб кетиши кутилмоқда.

Аввалроқ Қирғизистон собиқ президенти Сооранбай Жээнбеков «Қумтор иши» доирасида давлат хавфсизлик қўмитасига гувоҳ сифатида сўроққа чақиртирилганди.

Ушбу иш бўйича собиқ бош вазирлар Муҳаммадкалий Абилгазиев ва Темир Сариев ҳибсга олинган. Яна бир собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ҳеч қаёққа кетмаслик ҳақидаги тилхат билан озодликка чиқарилган.

17 май куни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Қумтор конини ўзлаштириш билан шуғулланган «Кумтор голд компани» корхонаси вакилларига нисбатан 4та жиноий иш қўзғатганди. Қўмита раҳбари Қамчибек Ташиевнинг таъкидлашича, ушбу иш доирасида хавфли моддалар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш, тупроқ ва атмосферани ифлослантириш, музликларни йўқ қилиш, суғурта ва солиқ қонунбузарликлари билан боғлиқ ҳолатлар тергов қилинмоқда.

Қумтор конини ўзлаштириш билан 1990-йиллар бошидан бери Канаданинг «Centerra Gold Inc.» корпорацияси шуғулланиб келади. Корпорациянинг Қирғизистон ҳукумати билан тузган келишувига асосан конни ўзлаштириш мақсадида «Кумтор голд компани» корхонаси ташкил этилган.

18 май куни конда вақтинчалик ташқи бошқарув жорий қилинди. Қирғизистон ҳукуматининг бу хатти-ҳаракатлари нафақат «Centerra Gold Inc.» билан, балки Канада ҳукумати билан можаро чиқишига сабаб бўлган. Канада корпорацияси юзага келган келишмовчиликлар ҳал қилинмаса, Қирғизистон ҳукуматини етказилган зарар учун арбитраж жараёни доирасида жавобгарликка тортишини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда Қумтордан 17 тоннадан кўпроқ олтин олинган.

Мавзуга оид