Жамият | 16:05 / 15.12.2021
10964
2 дақиқада ўқилади

Урганч шаҳрида янги ерости автомобил йўли очилди

Хоразм вилояти, Урганч шаҳрининг марказида бунёд этилаётган «Жалолиддин Мангуберди хиёбони»даги ерости автомобил йўли фойдаланишга топширилди. 

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Туннелнинг  узунлиги 500 метр, кенглиги 17 метрни ташкил этиб,  лойиҳа бўйича соатига 3200 та автомобилни ўтказиш қувватига эга.

Янги иншоотнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари ва ёшлар  иштирок этдилар. 

Бундай ерости автомобиль йўли Республика вилоятлари ичида илк бор Хоразмда бунёд этилмоқда. Унинг қурилишида 140 та махсус техника  ҳамда 1800 нафардан зиёд малакали инженерлар, қурувчи ва  усталар меҳнат қилдилар.

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчалари шаҳардаги энг тирбанд йўллардан бўлиб, ал-Хоразмий кўчасида суткасига ўртача 18 минг, Ислом Каримов кўчасида 14 минг дона  транспорт воситаси ҳаракатланади. Ерости йўли қурилиши натижасида ушбу чорраҳадаги тирбандлик бартараф этилиши кутилмоқда. 

Ерости йўли қурилиши билан бирга Қирғизёп каналининг шу ҳудуддан оқиб ўтувчи қисми янгидан бетонлаштирилди,  замонавий панжаралар ўрнатилиб,  ободонлаштириш ишлари бажарилди. 

«Жалолиддин Мангуберди хиёбони»нинг асосий элементи – от устида қилич ўйнатиб турган саркарда ҳайкалининг очилиш тадбири кейинроқ ўтказилади.

Мавзуга оид