Ўзбекистон | 16:38 / 17.12.2021
3609
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 5 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Навоийда ИИВ ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлади. Жараёнда 119 та маъмурий, 9 та жиноий ҳолат аниқланган ҳамда 5 та қидирувдаги шахс қўлга олинган. Бу ҳақда Kun.uz'га вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, вилоятда жиноятчиликни маҳаллабай усулида жиловлаш, аҳолининг ижтимоий қатламлари билан манзилли ишлаш ва ички ишлар органларининг қуйи тизимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ иш олиб бормоқда. 

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Ишчи гуруҳ аъзолари кичик гуруҳларга бўлиниб, алоҳида йўналишлар бўйича вилоятнинг шаҳар-туманларида ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилишини назорат қиляпти. Хусусан, Хатирчи, Кармана, Учқудуқ, Қизилтепа ва Навбаҳор туманларида республика бўйича крименоген вазияти оғир ҳисобланган 33 та маҳаллада амалга оширилган ишлар ўрганилмоқда. 

Ўтказилган тезкор профилактик тадбирнинг дастлабки кунида вилоят миқёсида 134 нафар ёш таълимга қайтарилган, 595 нафар уюшмаган ёшлар билан профилактик суҳбат олиб борилган ҳамда 69 нафар ота-онага фарзандини қаровсиз қолдирганлиги сабаб чора кўрилган. Шунингдек, 56 нафар бемақсад юрган вояга етмаганлар оилалари билан суҳбатлашилди, 102 нафар оила ИИБ ходимлари ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда яраштирилган ҳамда 98 нафар тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлаётган аёлларга “Ҳимоя ордери” берилган.

Фото: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати

Бундан ташқари, ўрганишлар давомида жами 119 та маъмурий, 9 та жиноий ҳолат аниқланиб, 5 та қидирувдаги шахс қўлга олинган. Йўл ҳаракати хавсизлиги бўйича эса 572 та қоидабузарлик аниқланган.   

Мавзуга оид