Турдимов: «Берсанг ейман, бермасанг очликдан ўламан, деб яшамаслик керак»
Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят ҳокимлиги мажлислар залида самарқандликларга мурожаат қилмоқда. Мурожаат давомида Турдимов аҳоли билан учрашувларда кўпчилик моддий ёрдам сўраши ҳақида гапириб, бундай қарашни ўзгартириш кераклигини айтди.
«Жойларга борганда кўпчилик моддий ёрдам сўрайди. Фуқаролар ёрдам олиш учун эмас, яхши яшаётганларга интилиб яшаши керак. Одамларни шунга ўргатишимиз шарт. Маош олмаётганларга моддий ёрдам берилмайди, бандлик бошқармалари уларга иш таклиф қилади. Берсанг ейман, бермасанг очликдан ўламан, деб яшамаслик керак.
Ҳозир мамлакатда яшаш, ишлаш учун шароитлар яратилмоқда, шу сабаб ҳаммамиз ҳаракат қилишимиз керак. Ишламоқчи бўлсангиз, боғ қилмоқчи бўлсангиз, ўқимоқчи бўлсангиз, марҳамат, субсидия берилади. Ҳоким ёрдамчилари, сектор раҳбарлари, адлия органлари кабинетда ўтирмай одамларнинг ҳуқуқий билимини ошириши, мана шу нарсаларни тушунтириши керак», деб Турдимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.