Жаҳон | 22:54 / 24.12.2021
22652
2 дақиқада ўқилади

Ҳолливуднинг 2021 йилдаги энг кассабоп фильми маълум қилинди

Фото: Marvel

“Ўргимчак-одам: Уйга йўл йўқ” (Spider-Man: No Way Home) фильми Ҳолливуднинг 2021 йилдаги энг кассабоп фильми бўлди. Бу ҳақда Variety нашри хабар берди.

Фильм бош қаҳрамони Питер Паркер ролини актёр Том Холланд ижро этган, унга Жон Уоттс режиссёрлик қилган. Бор-йўғи 10 кун аввал катта экранларга чиққан фильм қисқа вақт ичида 813 млн доллар келтирди ва жосус 007 Жеймс Бонд ҳақидаги 25-фильм – “007: Ўлишнинг мавриди эмас”дан ҳам ўзиб кетди. Бонд саргузаштлари ҳақидаги навбатдаги фильм ўз ижодкорларига 774 млн доллар келтирган.   

Таъкидланишича, “Ўргимчак-одам”нинг янги қисми АҚШдан ташқаридаги намойишдан 457 млн доллар келтирган. Sony ва Marvel компанияларининг ушбу фильми Хитойда катта экранларга чиқарилмаганига қарамай, пандемия вақтидаги энг кўп пул келтирган фильмга айланди.

Дунё бўйича фақатгина иккита фильм “Ўргимчак-одам”дан кўпроқ пул йиғган. Булар хитойлик ижодкорлар томонидан яратилган “Чанжин кўлидаги жанг” (The Battle at Lake Changjin) ва “Салом, она” (Hi, Mom) фильмлари бўлиб, улар мос равишда 902 млн ва 882 млн доллар келтирган. Бироқ Жон Уоттс фильми келаётган дам олиш кунлари бу кўрсаткичларни ортда қолдириши мумкин.

Мавзуга оид