Жамият | 14:50 / 27.12.2021
3656
2 дақиқада ўқилади

“Ёшлар маркази”да форум ғолиблари тақдирланди

Андижон вилоятида ўтказилган “Ўзбекистон ёшлар форуми-2021” ҳафталигида 1 млн нафардан ортиқ йигит-қизлар фаол иштирок этишди. Форум доирасидаги лойиҳа ва тадбирларни ўтказишда барча туман ва шаҳар маҳаллалари қамраб олинди.

Фото: Kun.uz

Форумнинг рамзий якуни Aндижон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да бўлиб ўтди. Унда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ойбек Йўлдошев ҳамда вилоят ҳокимлиги мутасаддиси Элёрбек Холмирзаев ёшларни қутладилар. Тадбир давомида форум совриндорлари ва фаол иштирокчилар муносиб равишда тақдирланди.

Айтиш жоизки, форум доирасида ташкил этилган «Мунозара» дебат мусобақасининг республика босқичида андижонлик ёшлар 1-ўринни қўлга киритишди. “Улоқ- кўпкари” мусобақасининг республика босқичида ҳам Андижон вакилларига 1-ўрин насиб этди. Шунингдек, “Street workout” спорт мусобақасининг республика босқичида андижонлик Зуфарбек Жалолиддинов 1-ўрин соҳиби бўлди.

Яна бир ютуқ Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида ўтказилган “Беш муҳим ташаббус: имконият ва истиқболлар” иқтидорли ёшлар сессиясида қўлга киритилди. Унда Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчиси Моҳизодабону Туропова “Ёш таржимонлар Кенгашини ташкил этиш2 лойиҳаси билан иштирок этиб, 100 миллион сўмлик грант эгасига айланди.

Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид