Ўзбекистон | 14:15 / 01.01.2022
13160
4 дақиқада ўқилади

Ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланади

Дарахтлар кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилди.

Фото: Kun.uz

“Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилади.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди.

Мораторий даврида амалдаги чеклов ва мажбуриятлар билан бирга қўшимча равишда ҳуқуқбузарларга: мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори 5 бараварга; дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириш суммалари 2 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади; мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги даражаси (рейтинг баҳоси) бир поғона пасайтирилади. 

Бунда, даражаси бир поғона пасайтирилган қурилиш-пудрат ташкилотлари 1 йил мобайнида даражасини кўтариш имконидан маҳрум бўлади; даражасини бир поғонага пасайтириш имкони бўлмаган қурилиш-пудрат ташкилотлари 1 йил муддатга қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингидан тўлиқ чиқариб ташланади; янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудлар кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди (эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган бино ва иншоотларни реновация қилиш бундан мустасно).

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилишни назарда тутувчи кўрсатмаларни ўз ичига олган ҳукумат фармойишлари, баённомалар, ёзма топшириқлар, идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг кўрсатмалари ва қарорларини қабул қилиш қатъиян тақиқланади.

2022 йил 1 апрелдан аҳоли томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари акс эттирилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар “102” тезкор қисқа рақами ёки “Эконазорат” ахборот тизими орқали қабул қилинади.

2022 йил 1 мартдан дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 2 фоизигача миқдордаги маблағлар ажратилади; ўсимликлар дунёси объектлари давлат кадастри таркибида республиканинг барча ҳудудларидаги ва ҳар қандай турдаги дарахтларнинг ҳисобини юритиш ҳамда уларни бириктириш учун “Дарахтлар реестри” тизими жорий этилади.

Кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган шахсларни “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш амалиёти жорий этилади.

Фармонга кўра, республикадаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар қуйидаги тартибда тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказилади: 2023 йил 1 мартгача – Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятлари бўйича; 2023 йил 1 сентябргача – Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятлари бўйича.

Мавзуга оид