Ўзбекистон | 10:37 / 05.01.2022
23516
4 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги янги йўл-ўтказгичдан сув оқиб тушгани ҳолатига изоҳ берилди

Фото: Муҳиддин Болиев

Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишмасидаги тоннел типидаги йўл ўтказгичда кузатилган сув ўтиш ҳолатига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати изоҳ берди. Унда ёзилишича, объектда қурилиш ишлари ҳали тугалланмаган. Аммо объектда тугалланган ишларнинг ҳам сифатсиз бажарилганини кўриш мумкин.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизматининг изоҳида маълум қилинишича, мазкур йўл ўтказгич қурилишида лойиҳага кўра асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, Самарқанд шаҳри аҳолисига янги йил байрам тадбирлари даврида тирбандликнинг олдини олиш ва транспорт воситалари ҳаракатланишига қулайлик яратиш мақсадида йўллар очиб берилган. Ҳозирги пайтда ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Тоннел қисмининг деворларидан сув ўтиш ҳолати ҳали қурилиш ишлари давом эттирилаётган сув қочириш-ирригация тизимидаги лотокларга ҳар хил турдаги тиқилишлар оқибатида юзага келган.

Фото: Муҳиддин Болиев

Таъкидланишича, тоннел деворларига ўрнатилган плиталар «қуруқ монтаж» усулида ишланган бўлиб, уларнинг орасидан сув ўтиши йўл ўтказгичнинг конструктив элементлари мустаҳкамлигига салбий таъсир этмайди.

«Лойиҳа ечимига кўра ушбу транспорт ечими қурилиши доирасида ёмғир сувларини қочириш учун насослар ўрнатилиши ва оралиқ қурилмалар туташиш жойида асфальт қопламасини кесиб, деформацион чоклар ўрнатилиши кўзда тутилган. Яқин кунларда қайд этилган ишлар тўлиқ якунланиб, юзага келган нохуш ҳолатлар бартараф этилади», дейилади изоҳда.

Гарчи «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати ўз изоҳида «ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда», деётган бўлса-да ижтимоий тармоқларда тарқалаётган фотосуратларда тугалланиб бўлган ишларнинг ҳам сифатсиз бажарилганини кўриш мумкин.

Фото: Муҳиддин Болиев

Пиёдалар йўлакчасига ётқизилган бетон ва ёндош ҳудудларга терилган плиталар чўккан, ётқизилган сифатсиз асфалт қўзғаб кетган, қувурлар ҳалитдан тешилиб ётибди. Шу камчиликлар маблағ сарфланиб яна қайтадан қилиб чиқиладими?

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ўз Telegram-каналида 2019 йил 8 сентябр куни қўйган постида тоннел қурилиши учун қанча маблағ ва қурилиш ашёлари ишлатилиши ҳақида батафсил маълумот берганди. Унга кўра, мазкур объектнинг қурилиш-монтаж ишлари қиймати 67 миллиард 730 миллион сўмни ташкил этиши ёзилган.

Фото: Муҳиддин Болиев
Фото: Муҳиддин Болиев

«Самарқанд шаҳридаги тоннел қурилиши учун қанча маблағ кетади?

Самарқанд шаҳрининг Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида тоннел қурилиши бошланди ва у «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилмоқда.

Тоннел типидаги йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 534 метр бўлади. Тоннел қисмининг узунлиги 93 метрга етади. Бўстонсарой кўчаси бўйлаб кенглиги 6 метр, баландлиги 3 метр бўлган пиёдалар ерости ўтиш йўлкаси ҳам қилинади.

Қурилишда 14750 куб метр йиғма ва монолит темир-бетон ишлатилади. Бунда, 7375 тонна цемент, 3130 тонна арматура, 78,5 тонна металл прокат ишлатилади. Қурилиш-монтаж ишларининг қиймати 67 миллиард 730 миллион сўмни ташкил этади», дейилган эди постда.

Фото: Муҳиддин Болиев

Аммо кейинчалик нима сабабдан қурилиш қиймати бир ярим баробар ошиб унга 143 миллиард сарфланди, бу ҳақда шу пайтгача ҳеч ким изоҳ бермади.

Мавзуга оид