Ўзбекистон | 18:51 / 10.01.2022
35038
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёдаги энг ғаройиб чегара-қишлоқ – Мамай

Бу қишлоқда икки қўшни бир-бирини кўрганда саломлашса-да, бир-бириникига меҳмонга чиқолмайди. Қўшнисиникида бирор-бир маъракада қатнашиш учун 50-60 км йўл босиб келишга тўғри келади. “Манзил” лойиҳаси бу гал Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги Мамай қишлоғида бўлди.

Қишлоқ қўшни Қирғизистон билан чегарада жойлашган. Чегаранинг қай тарзда ўтгани эса алоҳида эътиборга сазовор.

Мисол учун бирор кўчани олайлик, уйлар тушунарсиз ва антиқа жойлашган . Яъни бир уй Ўзбекистон фуқаросининг уйи бўлса, орада учта уй Қирғизистон фуқаросининг уйи ва сўнгра яна Ўзбекистон фуқаросининг уйи бошланган. Бундай ҳолатни яна икки кўчада учратиш мумкин.

Бундай кўчаларда ҳаракатларни ҳарбийлар назорат қилади. Бу кўчалардан ўтадиган ҳар бир машина юкхоналари текширилади.

Айтишларича, чегараларни тўлиқ белгилаш (делимитация) ва унга сим тортиш (демаркация) ишлари яқин муддатларда якунланади.

Бизни қишлоққа Назархўжа ака меҳмонга чақирган. Мезбонимизни нафақат қишлоқда, балки қўшни қишлоқларда ҳам танишади, сабаби узоқ йиллардан бери карнайчилик қилади.

Мезбонимизнинг уйи ичига қурилган печка универсаллиги билан эътиборимизни тортди. Унда ҳам уйни иситиш, ҳам овқат тайёрлаш, чой ҳам қайнатиш мумкин. Назархўжа ака билан бирга ушбу печкада ош пиширадиган бўлдик. Барчасига видеода ўзингиз гувоҳи бўлинг.

Видеомиз ёққан бўлса, яқинларингизга ҳам улашинг. Лойиҳани YouTube'да ва бошқа ижтимоий тармоқларда қўллаб-қувватлашингизни сўраб қоламиз.

Тоҳиржон Турсунов,
Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид