Спорт | 19:03 / 10.01.2022
22277
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик имконияти чекланган шашкачилар жаҳон чемпиони бўлди. Жамоа мураббийи ғолиблар тақдирланишини сўрамоқда

Ўзбекистонлик имконияти чекланган шашкачилар Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 20та медал билан жамоавий рапид йўналишида жаҳон чемпиони бўлди. Уларнинг мусобақадаги иштироки Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган.

Имконияти чекланганлар ўртасида шашка бўйича Ўзбекистон жамоаси / Фото: Баҳодир Убайдуллаев

2021 йилнинг 18–30 ноябр кунлари Туркиянинг Анталя шаҳрида шашка бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида имконияти чекланган ўзбекистонлик спортчилар 20та олтин медални қўлга киритди.

100 катакли шашка бўйича Жаҳон чемпионати имконияти чекланган эркаклар, аёллар ва 23 ёшгача ёшлар ўртасида ўтказилди. Мусобақада 12 нафар ўзбекистонлик спортчи қатнашиб, жамоавий ва якка ўйинларда 7та олтин, 10та кумуш ва 3та бронза медал жамғарди.

Жамоавий рапид йўналишида Ўзбекистон жамоаси 1-ўринни олди.

Фото: Баҳодир Убайдуллаев

Бош мураббий Баҳодир Убайдуллаевнинг Kun.uz'га айтишича, бу – профессионал шашкачилик бўйича имконияти чекланганлар ўртасида ўтказилган илк халқаро чемпионат эди.

“Олдин имконияти чекланганлар кўнглини кўтариш учун турли ҳаваскорлик ўйинлари бўларди. Туркиядаги чемпионатда 8 давлатдан 90га яқин турли даражадаги имконияти чекланган спортчи иштирок этди. Бу ўйин бошқа ақлни чархлайдиган ўйинлардан анча қийин. Шунинг учун ҳам битта тур 5 соат давом этади”, – дейди Баҳодир Убайдуллаев.

Фото: Баҳодир Убайдуллаев

Мураббий ўз жамоаси ютуқларини юқори баҳолайди. Унга кўра, 2021 йил давомида халқаро спорт мусобақаларида Ўзбекистонга энг кўп медал олиб келганлар имконияти чекланган спортчилар ҳисобланади. Баҳодир Убайдуллаев ҳеч бўлмаганда чемпион бўлган ёш шогирдлари тақдирланишини исташини айтди.

“Бизга халқаро миқёсда кубок, медал ва сертификат беришди, холос. Ўзбекистонга қайтганда, бизни кутиб олишга ҳам чиқишмади. Чемпионларни кўпчилик билмади ҳам. Бизни рағбатлантиришларини ўзимиз сўраб чиқолмаймиз-ку. Тақдирланиш менга керак эмас. Ёшларни тақдирлашса, бу уларга мотивация, кейинги ютуқлари учун рағбат бўларди”, – дейди мураббий.

Ўзбекистон кўзи ожизлар спорт федерацияси раиси Мусохон Маматхоновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, чемпион шашкачиларни яқин орада тақдирлаш режалаштирилган.

“Спортчиларнинг Анталядаги чемпионатда қатнашиб келиши Туризм ва спорт вазирлиги томонидан ташкиллаштирилди. Совриндор спортчиларни тақдирлаш учун бюджетдан пул ажратилмаган. Биз ҳомийларни жалб қилиб, ўзимиз тақдирлаш маросимини ўтказиб, ғолиб бўлиб келганларни яқинда рағбатлантирмоқчимиз”, – деди Ўзбекистон кўзи ожизлар спорт федерацияси раиси.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматига кўра, тегишли қарорларда Олимпиада ва Осиё ўйинлари бўйича чемпионларни тақдирлаш кўзда тутилган. “Агар бу бўйича ҳукумат ёки президент қарори бўлса, пул ажратиб тақдирланади. Лекин бизда бундай ҳужжат йўқ. Жаҳон чемпиони бўлган шашкачиларни тақдирлаш бўйича таклиф киритмоқчимиз”, – деди вазирлик расмий вакили.

Мавзуга оид