Жаҳон | 15:12 / 12.01.2022
7457
2 дақиқада ўқилади

Жокович Австралия ҳукуматига ёлғон маълумот тақдим этганига иқрор бўлди

Сербиялик теннисчи Австралияга келишидан 14 кун олдин ҳеч қайси давлатга бормаганлигини билдирган. Бироқ у бу давр ичида Испанияга боргани маълум бўлган.

Фото: Getty Images

Новак Жокович коронавирусга топширган тести мусбат чиққанидан кейин карантин қоидаларини бузганлигига иқрор бўлди. Сербиялик теннисчи бу ҳақда Instagram саҳифасида ёзди.

Маълум бўлишича, Жоковичнинг 16 декабрда коронавирусга топширган тести мусбат чиққанидан сўнг 17–18 декабр кунлари Белграддаги баскетбол бўйича беллашувга борган ва Франциянинг L’Equipe нашрига интервью берган.

«Менда симптомлар йўқ эди, ўзимни яхши ҳис қилгандим ва тест натижаси мусбат чиққанидан хабардор эмасдим», деб таъкидлаган у.

Жокович шунингдек, «ўзини L’Equipe нашрига интервью беришга мажбурдек ҳис қилган, чунки журналистларни ранжитишни истамаган»лигини билдирган.

Сербиялик теннисчи Австралияга кириш учун туристик декларациясида ёлғон маълумот тақдим этганлигини ҳам тан олган. Жокович декларацияда Австралияга келишидан 14 кун олдин ҳеч қайси давлатга бормаганлигини кўрсатган. Бироқ у бу давр ичида Испанияга боргани маълум бўлган.

«Агентим нотўғри жойга белги қўйганидан узр сўрамоқда. Бу инсон хатоси бўлган ва қасддан қилинмаган», деб ёзди дунёнинг энг яхши теннисчиси.

Жокович карантин қоидаларини бузгани учун уч йилгача, ёлғон маълумот тақдим этгани учун уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Аввалроқ Новак Жокович Австралиядан депортация қилиниши тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид