Ўзбекистон | 14:22 / 20.01.2022
4170
2 дақиқада ўқилади

Фарғона шаҳрида мактаб ўқитувчиси пора билан қўлга тушди

Фото: KUN.UZ

Фарғона шаҳрида мактаб ўқитувчиси 1-синфга ўқишга киритиб қўйиш эвазига пора олаётган вақтда ушланган. Бу ҳақда Фарғона вилоят судларининг Telegram-каналида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳар 21-сонли мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Ж. А. 2021 йил 9 август куни Д.Д.нинг ишончига кириб, унинг набираси Х.Н. ҳамда тарбияланувчиси М.С. ва бошқаларни ўзи ишлаб келаётган мактабнинг 1-синфига директор ўринбосари орқали ўқишга киритиб қўйишга ваъда беради. Бунинг эвазига 800 АҚШ доллари сўрайди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тадбирда Ж.А. 800 АҚШ долларини Қиргули мавзесидаги “Илтифот” ресторани биноси олдида олган вақтида ушланган.

Мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, Ж.А. Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида айбли деб топилиб, 2 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Унга нисбатан қўлланган муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залидан қамоққа олинган.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Касби туманида 500 минг сўм пора олган туман тиббиёт бирлашмаси ўринбосари 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид