Жамият | 10:08 / 20.01.2022
17683
3 дақиқада ўқилади

«Даволаш протоколига ҳам ўзгариш киритдик» — Соғлиқни сақлаш вазири янги штамм енгил кечаётгани ҳақида

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бошчилигида вазирлик мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ «Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқот олдидан Фарғона вилоятидаги даволаш муассасаларида бўлиб, ҳудудда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари билан учрашди. 

Вазир мулоқот аввалида мамлакатдаги эпидемиологик вазият ҳақида қисқача тўхталиб, касалланишлар сони ортиб бораётгани ва бунинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапирди.

«Ҳозир ҳар бир бемор назоратимиз остида. Уларнинг соғайиши, қолаверса, бошқаларга бу хавфли вирус юқмаслиги учун зарур чораларни кўряпмиз.

Вакцинация — коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб кетишига қарши энг самарали чорадир. Чунки тўлиқ босқичда, қолаверса, бустер дозада эмланганларнинг касалликка қарши курашувчанлик қобилияти ошади. Мамлакатимизга кириб келган янги штамм ҳақида тўхталадиган бўлсак, у аввалги вариантларга нисбатан анча енгил ўтмоқда.

Стационар шароитда даволанаётган 90-95 фоиз беморларда ҳам ўпканинг нафас олиш кўрсаткичи пасайиши ва пневмония белгилари кузатилмаяпти. Энг муҳими, вирусга қарши ремдесивир ва бошқа дори воситаларига бўлган эҳтиёж камайган. Шундан келиб чиқиб, даволаш протоколига ҳам ўзгариш киритдик», дейди вазир.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳар бир туман ва шаҳар бўлимларида ҳам ҳар куни 24 соат давомида бепул ПЗР-тест топшириш шароити яратилгани, коронавирусга қарши курашиш борасида тажриба ҳам, имконият ҳам етарли экани қайд этилган.

Учрашув давомида коронавирусга чалинган беморларни уй шароитида даволашнинг аҳамияти, афзалликлари хусусида ҳам сўз юритилди. Шундан сўнг кун тартибидаги асосий масала — президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотига тайёргарлик жараёни ҳақида фикр алмашилди. 

Қайд этилганидек, шу кунгача очиқ мулоқотга Фарғона вилоятидан жами 430 та мурожаат келиб тушган. Шундан 317 таси бевосита тиббиёт ходимларига тегишли. 

«Вазир йўлланган ҳар бир мурожаат ечими билан қизиқди. Соҳа вакилларининг таклифларига қулоқ тутди. Соғлиқни сақлаш ходимларининг иш шароитини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, тиббиёт йўналишидаги қурилиш-реконструкция ишларини якунига етказиш билан боғлиқ муаммоли масалаларни тезкор ва жойида ҳал этиш учун тизим мутасаддиларига тегишли топшириқлар берди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Савол-жавоблар якунида келгусида тиббиёт тизимида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар хусусида ҳам маълумот берилган.

Мавзуга оид