Ўзбекистон | 19:45 / 26.01.2022
8165
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш қанчага тушгани маълум бўлди

2021 йил давомида ўзбекистонликларни коронавирусга қарши эмлаш учун 224 млн доллар ажратилган. Бу, бош вазир ўринбосарига кўра, қарийб 32 миллион доза вакцинага етадиган маблағдир. 2021 йилда коронавирусга қарши курашиш учун ажратилган маблағнинг 56 фоизи вакцинация ҳиссасига тўғри келган бўлиши мумкин.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров 2021 йилдаги вакцинация жараёнлари учун ажратилган маблағ юзасидан ҳисобот берди.

“Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирлари учун 224 миллион доллар ажратилди, бу қарийб 32 миллион доза вакцинага етадиган маблағдир”, – деди Қўчқоров 26 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида.

2020 йил охирида молия вазири Тимур Ишметов 2021 йилда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратилишини айтганди.

Бироқ 2021 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда коронавирусга қарши кураш тадбирлари ва вакцина харид қилиш учун 4 триллион 266 млн сўм (қарийб 395 миллион доллар) ажратилиши кўзда тутилган. Демак, 2021 йилда бюджет қонунига киритилган (ҳаммаси бўлиб 3 марта харажатлар оширилди) ўзгартиришлардан кейин коронавирус тадбирлари учун маблағ режаси ўзгарган.

Кўринадики, 2021 йилдаги коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун ажратилган маблағнинг 56 фоизи аҳолини эмлашга сарфланган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид