Тожик–қирғиз чегарасидаги зиддият: илдиз ва ечим қаерда?
Бизга қўшни ва қардош бу икки давлат чегараларидаги ўзаро зиддиятлар тез-тез такрорланиб туради. Ачинарлиси, отишмалар кўпинча қон тўкилишгача боради. Сабабчи кимлиги эса доим аён бўлмай қолади, ҳар икки томон бир-бирини айблайди...
СССРнинг тарқалиши дастлабки йилларда у қадар сезилмаган. Чегаралар очиқ бўлган, кўпчилик энди бошқа давлат ҳудудига ўтиб қайтаётганини билмаган ҳатто. Аста-секин дастлаб хавфсизлик, кейин иқтисодий нуқтайи назардан чизиқлар тортилди, чегаралар мустаҳкамланди, тиканли симлар ва аскарлар пайдо бўлди. Ана шундай бир пайтда кечагина бир давлат номи остида яшаб келганларнинг ўзаро чегара тушунчаси турлича экани аён бўлиб қолди ва можаролар ҳам кўп куттирмади.
Бундай зиддиятлар постсовет ҳудудида бир неча соатлик тош отишлар ва муштлашишлардан, узоқ давом этган ҳақиқий урушлар кўринишига қадар кузатилган. Арман-озар чегарасидаги мавҳумлик бир неча бор ҳақиқий уруш ва қон тўкишлар билан тарихга муҳрланган бўлса, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги зиддиятлар сўнгги йилларда анча тез-тез ва тобора кучлироқ намоён бўлмоқда
- Делимитация – давлатлар ўртасида баҳсли ҳудудлар бўйича келишувга эришиш ва ҳужжатлар тасдиқланиши;
- Демаркация – делимитация асосида чегараларни физик белгилар ёрдамида ажратиш, яъни панжара тортиш, белгилар қўйиш, чегарачиларни жойлаштириш ва масалага якуний нуқта қўйилиши.
Бу зиддиятлар сабаблари турлича:
1. Биринчи ва энг асосий сабаб – томонлар учун чегара деган тушунчанинг асли мавҳумлиги, ҳар бир тараф ўзича талқин қилишида.
2. Марказий Осиё давлатлари қардошлик, ҳамжиҳатлик ва тотувликка ҳаракат қилсалар-да, барибир миллий адоват сақланиб қолган ҳолатлар ҳам кўзга ташланади. Айниқса туркий тилли қирғизларнинг баъзилари ва форсийзабон тожиклардан айрим кишилар кўздек қўшни бўлатуриб, бир-бирларини мутлақо тан олмаганлари ҳолда камситишга, имкон борида тиғ санчиб олишга уринишлари бор гап;
3. Давлатлар бошқарувида ҳам кескин тафовут кўзга ташланади. Бири ўтакетган демократ қиёфасида бирор муросага келишни истамайди, олдинги раҳбар имзо чеккан ҳужжатни кейингиси тан олмайди, яна бири эса автократик бошқарув усулини қўллаб, кимнингдир олдида бош эгишни тасаввур қилмайди;
4. Баҳсли ҳудудлардаги аҳолининг аксарияти чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Ер нисбий бўлинса-да, сув, яйлов, тоғ деган тушунчалар азалдан умумий бўлиб келган. Оддий муштлашувлар ҳам қишлоқлар ўртасида жанжалга, ортидан чегарачилар аралашган отишмаларга айланиб кетаверади;
5. Ворух масаласи. Тожикистоннинг Ворух анклави тўлиғича Қирғизистон ҳудудида ва унда 35 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ворухга коридор масаласи бу икки давлат учун ҳамиша тортишувлар мавзуси бўлиб келган.
Чегара муаммосининг илдизи
Бу икки давлат Марказий Осиёнинг нисбатан кичик ва иқтисодий жиҳатдан қуйидаги давлатлари бўлиш билан бирга, 950 километрга яқин ўзаро чегарага эга. Бундан деярли ярми – 375 километри делимитация қилинмаган.
Делимитация қилинмаган чизиқларнинг аксарият қисми – етиб бориш қийин бўлган тоғлар, аралаш аҳоли пунктлари, йўллар ва сув сатҳларидан ўтганки, ҳатто замонавий қурилмалар, мукаммал карталар бўлганда ҳам аниқ чегара чизиғини топиш муаммо бўлиб қолади.
Хўш, нега шунча музокараларга қарамай, бу икки давлат чегара масаласини тўлиқ ҳал эта олмаяпти?
Гап шундаки, чегара муаммосини ҳал қилишда ҳар бир давлат ўз манбаларига, ўзининг қўлидаги ҳужжатларга ва энг муҳими – ўз принципларига суянади. Чегара линиясини аниқлашда ҳар икки давлат асос сифатида СССР белгилаб берган ҳудудларни олиш зарурлигига тан беришади. Аммо мана шу нуқтада яна бир нозик жиҳат бўй кўрсатади – ўтган асрнинг биринчи ярмида, ҳали аниқ технологиялар бўлмаган, бу ҳудудларда аҳоли бунчалик кўп яшамаган ва умуман чегаранинг аҳамияти бугунги даражага етмаган пайтларда тузилган хариталар бир биридан кескин фарқланади.
Тожикистон 1924 йилдан бошлаб 1939 йилгача тузилган хариталар асосида иш юритиш зарурлигини таъкидласа, Қирғизистон 1959 йилда тузилган харита якуний эканини билдиради. Табиийки, бу хариталар тузилаётганда ҳам уларга кимдир жиддий эътибор қаратмаган, уларни тузган одамлар ҳам аллақачон боқий дунёга кетишган.
Шундан бери деярли ҳар йили, ҳатто айрим йилларда бир неча марта отишмалар содир бўлади, қон тўкилади, томонлар учрашадилар, музокара столига ўтирадилар. Аммо деярли силжиш бўлмайди, сиёсий ирода етмайди, локал зиддиятлар маълум муддатга “кўмиб” қўйилади холос.
“Катта оға” таъсири
Қизиғи, иккала давлат ҳам – КХШТ аъзоси. Улар назарий жиҳатдан умумий душманга қарши биргаликдан курашишлари керак. Аммо уларнинг фуқаролари ва чегарачилар ўқ узган пайтда бу ташкилот ҳам бирор ёрдам бера олмайди. Тўғри, сўнгги отишма чоғида КХШТ бош котиби Станислав Зась томонларни чегара ҳудудида ўт очишни бас қилишга чақирган. У Тожикистон хавфсизлик кенгаши котиби Насрулло Маҳмудзода ҳамда Қирғизистон хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманкулов билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, КХШТ можарони ҳал қилишда Бишкек ва Душанбега ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
Бироқ ташкилотнинг ўзи ҳам, бу икки давлат ҳам бундай таклифлар фақат тавсиявий характерда эканини яхши англашади.
Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари турли саммитларда бир неча марта музокаралар ўтказишган, муаммо бўйича кенг ваколатли комиссиялар тузилган. Лекин воқеалар ривожи ҳозирча кутилган самарани бермаётганини кўрсатяпти.
Ўзбекистон позицияси
Ўзбекистон ўз одатича бундай ҳолатларда нейтралликни афзал билади ва қон тўкилишининг ҳар қандай шаклини қоралайди.
Ўрни келганда айтиш керакки, муаммоли ҳудудлар масаласи нафақат Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида, балки Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳам бўлган ва ҳануз қисман сақланиб турибди. Бир неча ўн йилликлар давомида “унутилган” бу муаммо бўйича сўнгги йилларда кучли сиёсий ирода туфайли жиддий силжишларга эришилди.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024