Ўзбекистон | 17:39 / 31.01.2022
5776
2 дақиқада ўқилади

Уяли алоқа компанияларини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди

2022 йил 1 январдан уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 10 фоиз этиб ўрнатилмоқда.

Фото: AKKet.com

Шунингдек, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб, қишлоқ жойларда антенна-мачта металл конструкциялари, уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар ҳамда улар эгаллаган ер участкалари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этилади.

Бу – “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарорида белгиланган.

Қарорга асосан, қуйидагилар 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилади:

  • овоз, тасвир ёки бошқа маълумотларни узатиш ёки қабул қилиш аппаратураси, шу жумладан, симли ёки симсиз алоқа тармоқларида коммуникация учун аппаратура;
  • маълумотларни сақловчи қурилмалар: оптик ташувчилар, ярим ўтказгичли ташувчилар;
  • проекторлар, карнайлар, қулоқчинлар;
  • телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан телекоммуникация инфратузилмасини жорий этиш лойиҳалари доирасида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат бўйича олиб кириладиган технологик ускуналар, материаллар, дастурий таъминот ва эҳтиёт қисмлар.

Мол-мулк солиғини ҳисоблашда ер участкаларида ўрнатилган антенна-мачта металл конструкциялари ҳамда уларга ўрнатилган ва уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар (тортқилар, атрофни ўровчи деворлар, юк кўтариш мосламалари, чақмоқдан ҳимоя қилиш тизимлари, ерга улаш қурилмалари, сигнал-ёритиш тизимлари, қўриқлаш сигнализацияси ва видеокузатув тизимлари) кўчмас мулк сифатида қаралади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

— радиочастота спектридан фойдаланувчиларга радиочастота органларининг тегишли рухсатномаларига асосан радиочастота спектридан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилади;

— Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекциясига унинг резидентлари томонидан ҳар ой ўтказиладиган ажратмалар миқдори, улар томонидан экспорт қилинган ахборот технологиялари хизматларининг бир йиллик ҳажми 10 миллион АҚШ долларидан ошганда 25 фоизга, 20 миллион АҚШ долларидан ошганда 50 фоизга пасайтирилади.

Мавзуга оид