Жамият | 12:31 / 07.02.2022
11234
5 дақиқада ўқилади

3 йиллик таълим, йигирма миллион туристлар – Лондондаги ўзбек йигити ҳикояси

Uzbek.life порталининг навбатдаги суҳбатдоши Буюк Британиядаги Лондон Жанубий Банк университети талабаси Азиз Бозоров. Суҳбатдошимиз Сурхондарё вилоятида туғилган. 2019 йил сентябрь ойида Лондонга ўқиш учун келган.

Фото: Азиз Бозоровнинг шахсий архивидан

3 йил давом этиши қизиқтирган

2019 йил Термиз Банк коллежининг «Молия» йўналишини тамомлаганман. Ўша йилнинг ўзида Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган Лондон Жанубий Банк университетининг «Бизнес бошқаруви» йўналишига ўқишга кирдим ва сентябрь ойида Лондонга келдим.

Очиғи, Буюк Британияда ўқишни танлашимга жуда кўп факторлар сабаб бўлган. Энг муҳимларидан бири сифатидан мамлакатнинг халқаро даражада эътироф этиладиган таълим тизимини айтишим мумкин. Қолаверса, бакалаврда ўқиш 3 йил давом этиши ҳам бу ерга келишга ундаган.

Фото: Азиз Бозоровнинг шахсий архивидан

«Network» қуришга ёрдам беради

Лондон бу ерда ўқиётган талабалар учун жуда кўп имконият эшикларини очади. Биринчи навбатда кенг дунёқарашга эга бўлиш имкони бор. Чунки мамлакатда иш ва ўқиш учун келган турли миллат ва давлат вакиллари билан мулоқот қиласиз. Бу эса ўз навбатида кучли «network» қуришга ёрдам беради. Масалан, ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, шу вақтга қадар Испания, Италия, Хитой, Швеция каби давлатлардан кўплаб дўстлар орттирдим.

Қўшимча қилиб айтишим керакки, Буюк Британия университетларида ортиқча фанлар ўтилмайди. Яъни битта семестрда ўртача 3 та фан ўтилади ва дарслар ҳафтасига 3-4 кун бўлади. Бу талабалар учун ўзига хос қулайлик деб ҳисоблайман. Боиси, талаба ўзининг устида ишлашига вақт яратилади ҳамда ўқиётган фанлари кўп бўлмагани учун дарсларни чуқур ўзлаштиришга кўпроқ эътибор ва куч сарфлайди.

Ҳар йили йигирма миллион атрофида туристлар келади

Ўйлашимча, Буюк Британиянинг жуда кўп ижобий тажрибаларини Ўзбекистонда жорий қилиш мумкин. Мисол учун, мамлакатда банк тизими жуда яхши ривожланган. Хусусан, онлайн ва мобил банклар ҳозир кенг миқёсда фаолият юритмоқда. Улар орқали сиз хоҳлаган одамингизга, исталган вақтда ва миқдорда пулни ҳеч қандай комиссиясиз жўната оласиз. Яъни пул ўтказмалари бепул. Туризм соҳаси ҳам кучли тараққий этган. Масалан, биргина Лондонга дунё бўйлаб ҳар йили йигирма миллион атрофида туристлар келади. Аксарият диққатга сазовор жойлар, жумладан, музейлар ва бир қанча туристлар гавжум жойларга кириш мутлақо текин. 

Менимча, шу орқали улар кўпроқ туристларни жалб қилишади. Туристлар кўплиги эса меҳмонхона бизнесини ривожлантиришга олиб келган. Шу туфайли ҳам бу ердагиларнинг кўпчилиги хизмат кўрсатиш соҳасида банд. 

Фото: Азиз Бозоровнинг шахсий архивидан

13 900 фунт стерлингдан бошланади

Мен таҳсил олаётган Лондон Жанубий Банк университети 1892 йил ташкил топган. Ҳозирда 15 000 дан ортиқ талабалар таълим олишади. Университетда сиз хоҳлаган йўналишингизни топишингиз мумкин, мусиқадан то тиббиёт йўналишигача. Контракт нархи эса йилига ўртача 13 900 фунт стерлингдан бошланади. Университет талабалар учун бир қанча қулайликлар яратиб берган. Масалан, контрактни 3 қисмга бўлиб тўлаш имкони бор. Кутубхона эса 24 соат ишлайди.

Бу ерга келиб мослашиш менда ҳам осон кечмаган. Биринчи навбатда оила ва улғайган жойингизни соғинасиз. Қуёшли ўлкадан булутли минтақада яшашнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бўлади. 

Қолаверса, кунлик харажатлар, уй-жой ва озиқ-овқат нархлари ҳам қиммат. Шунинг учун, талабалар ҳам ўқиб, ҳам ишлашга тайёр бўлиб келиши керак.

Бизнес таълимини эгаллаш керак

Келажакдаги режаларим жуда катта ва кўп. Лондонда ўқишни битирганимдан кейин, магистратурани яна бир ривожланган бошқа мамлакатда ўқиш ниятим бор. Аксарият одамлар менга бизнесмен бўлиш учун айнан шу йўналишда ўқиш зарур эмаслигини айтишади. Чунки университетда ўқимасдан туриб ҳам тадбиркорлик қилаётганлар кўп. Лекин кузатишларим бўйича айта оламанки, бугунги кунда ҳамма соҳа қатори, бизнес соҳаси ҳам ўзгариб бормоқда. Муваффақиятли тадбиркор бўлиш учун, албатта, бизнес таълимини эгаллаш керак. 

Келажакда орттирган билимларимни Ўзбекистонга қайтиб амалга оширмоқчиман. Худо хоҳласа, 5 йилдан кейин мен ўзимни Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйган, энг муваффақиятли ёш тадбиркорлардан бири сифатида кўраман.

Уфора Ҳабибуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид