Жаҳон | 14:23 / 10.02.2022
9736
2 дақиқада ўқилади

«Коммерсантъ»: Жириновский ковидга чалинганини икки ҳафта яширган

Фото: Александр Миридонов, Коммерсантъ

Ковидга чалиниб шифохонага ётқизилгани 9 февраль куни маълум бўлган ЛДПР етакчиси Владимир Жириновский икки ҳафта олдин касалликка чалинган, аммо сўнгги дақиқаларгача ўзига қўйилган ташхисни жамоатчиликдан сир тутган. Бу ҳақда «Коммерсантъ» РФ соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбасига асосланиб хабар берди.

Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, сиёсатчи даволовчи шифокоридан маълумот махфийлигини таъминлашни сўраган, у буни касаллангани «ЛДПРнинг сиёсий рақиблари ва антиваксерлар учун ёқимли хабар» бўлиши билан изоҳлаган. Жириновскийнинг ўзи вакцинация тарғиботчиси ҳисобланади, у саккиз марта ковидга қарши эмланганини айтган.

Унда касаллик аниқлангач, партиядагиларга Россияда омикрон кенг тарқалаётгани муносабати билан Жириновский профилактика мақсадида вақтинча карантинга кетиши маълум қилинган.

2 февраль куни врачлар Жириновскийга стационар шароитда даволанишни тавсия этишган — уни Президент ишлари бошқармасининг Москвадаги Марказий клиник шифохонасига ётқизишган. Шу билан бирга сиёсатчи партиядошлари билан доимий алоқа таъминланиши ва палатада туриб ишлаш имконияти яратилишини сўраган.

«Коммерсантъ» манбаси ва бошқа нашрларнинг хабар беришича, Жириновскийнинг ўпкаси жиддий зарарланган. Унинг палатасида ўпкани сунъий нафас олдириш аппарати ўрнатилган.

Мавзуга оид