Жаҳон | 15:03 / 10.02.2022
14901
2 дақиқада ўқилади

Назарбоевнинг укаси Тўқаев ташкил этган фондга 1 млрд тенге ўтказди

Аввалроқ Нурсултон Назарбоев фонди «Қазақстан халқина» фондига 500 млн тенге ўтказган.

Болат Назарбоев / Фото: saliqaly.kz

Қозоғистон биринчи президентининг укаси Болат Назарбоевга қарашли фонд «Қазақстан халқина» фондига 1 млрд тенге (2 млн 345 минг доллар) ўтказди. ушбу фонд Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан ташкил этилган.

«Салиқали Ұрпақ» фонди номидан январдаги фожиалар қурбонларига таъзия билдирамиз. Мамлакат учун қийин бўлган ҳозирги вақтда биз давлат раҳбари атрофида бирлашишимиз ва Қозоғистон халқига ёрдам беришимиз шарт», — дейилади Назарбоев фонди хабарида.

Болат Назарбоевнинг «Салиқали ұрпақ» фонди 2016 йилда ташкил этилган. Унинг мақсади хайрия ишлари ва ижтимоий лойиҳаларга қаратилган.

Хабар қилинишича, аввалроқ Нурсултон Назарбоев фонди «Қазақстан халқина» фондига 500 млн тенге ўтказган.

Тўқаев 11 январ куни хайрия фонди ташкил этишни таклиф қилганди. 

Фонд сайтида берилган рўйхатда 1 млрд тенгедан ортиқ пул ўтказган 12 тузилма ва ундан камроқ маблағ ўтказган юздан ортиқ компания номи келтирилган. Энг кўп маблағни (30 млрд тенге) Eurasian Resources Group компанияси ўтказган. 

Мавзуга оид