Жамият | 13:00 / 16.02.2022
27638
2 дақиқада ўқилади

“Манзил”: Одамлардан олисда яшаётган чўпон ҳикояси

“Манзил” лойиҳаси чекка ҳудудларда, ҳалол меҳнат ортидан ризқ топаётган оддий инсонлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб келмоқда. Энди интервю форматида ҳам оддий инсонлар билан суҳбатларни сизга тақдим этади. Илк суҳбатдош қаҳрамонимиз – Наманган вилояти, Поп тумани, Чоркесар қишлоғида истиқомат қилувчи уста чўпон Самандар Тўйчиев.

Самандар ака тоғ-у тошлар орасида улғайган. У эсини танибдики, қўй, эчки боқади. Ўзининг айтишича, бу эчкиларнинг юнги қимматбаҳо ва жуда талабгир. Шу сабаб Чоркесар қишлоғи атрофида бу турдаги эчкилар кўп боқилади.

Уста чўпон эрта тонгда эчкиларини тоғ томон бошлайди. Куни бўйи 10-15 км йўл юради. Эчкилар тоғ-у тошларда кийик каби юришини ҳисобга олганда, чўпон ҳам оддий одам юришга қийналадиган йўллардан юришига тўғри келади. Ундан тоғ-тошлар орасида қандай адашмай юришини сўрадик. “Бу ерларда ҳеч адашмайман. Тоғлар орасида нима қаерда жойлашган, ҳаммасини биламан”, – дейди у.

Чўпон адирга туташ ерда қурилган кичиккина уйда яшайди. Уй олдида қўра қурилган. Эчки ва улоқчаларни чўпоннинг қўриқчи итлари қўриқлайди.

Самандар Тўйчиев подани боқиш унга ўзгача завқ бағишлаши, эчкилари кўпаяётганини, семириб, эт олаётганини кўрса хурсанд бўлиши ҳақида сўзлаб берди.

Тоҳиржон Турсунов,
Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид