Жаҳон | 17:28 / 20.02.2022
11920
2 дақиқада ўқилади

Қиролича Елизавета II коронавирусга чалинди

Британия қироличаси Елизавета II коронавирусга чалинган. Букингем саройи маълумотига кўра, касаллик унда енгил кечмоқда.

Фото: AFP

Расмий хабарда қироличада шамоллашни эслатувчи енгил аломатлар кузатилаётгани, аммо у шу ҳафтада Виндзордан туриб ишлашда давом этишни мўлжаллаётгани айтилган.

«У тиббий ёрдам олишда давом этади ва барча кўрсатмаларга риоя этади», дейилади сарой баёнотида.

Елизавета II ҳозирда 95 ёшда. Маълум бўлишича, у сўнгги вақтларда катта ўғли, тахт вориси ҳисобланган Уэльс шаҳзодаси Чарльз билан алоқада бўлган. Шаҳзода ва унинг рафиқаси Камилада ўтган ҳафталарда коронавирус аниқланганди.

2021 йил 9 январида Елизавета II коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан эмлангани хабар қилинганди. Associated Press агентлиги маълумотига кўра, Елизавета II коронавирусга қарши вакцинанинг уч дозасини қабул қилган.

2022 йил 6 февралида қиролича тахтдаги платина юбилейини нишонлаганди. У мамлакатни 70 йил бошқарган илк британ монархидир.

Бу юбилей йил бўйи давом этади, унинг кульминацияси ёз фасли бошига режалаштирилган: Британияда 2-5 июнь кунлари умуммиллий байрам бўлади.

Мавзуга оид