“Ўргимчак тўри” ичидаги тақдир. Ҳамма кўриб турган ҳақиқатни суд кўрмаганми?
Бош прокуратура ва ИИВ Тергов департаменти фуқарони айбсиз деб ҳисобламоқда. Қўшимча тергов ҳаракатларидан кейинги хулосага кўра, 6 йилдан ортиқ муддатга қамалган маҳкум оқланиши керак. Аммо нимагадир Тошкент шаҳар суди буни инкор этган.
Kun.uz биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов таъсисчилигидаги Ўзбекистонда мавжуд компаниялар атрофида содир бўлаётган ҳодисалар, тергов ва суд жараёнларидаги қарама-қаршиликлар ҳақида ёзган эди.
Шунингдек, бу компанияларга алоқадор ишларда айбланган тадбиркор Дмитрий Савельевнинг озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилингани Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, маҳкумга нисбатан тергов ва суд ишлари нохолис олиб борилгани бўйича Олий судга протест киритилгани айтилганди.
Шарипов ва унинг Россия фуқароси бўлган шерикларига оид терговнинг давоми бизни яна ушбу мавзуга қайтишга ундади.
Воқеалар тарихига қисқа назар
Жиззахлик Одинахон Ғофуржонова ўзи муассислик қилган МЧЖдаги улушлар Россия фуқароси бўлган қариндошлари томонидан ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан тортиб олингани, кейинчалик бу компаниядаги улушлар ўзга шахслар номига ўтказиб юборилгани, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси олиб бораётган тергов ҳаракатлари эса асоссиз равишда ҳаракатдан тугатилганини айтганди.
Kun.uz мақоласидан кейин тергов иши ИИВ Тергов департаментига ўтказилиб, алоҳида назоратга олинганди.
Мазкур иш доирасида Одинахон Ғофуржонованинг шикоятлари асосли бўлиб чиққани, унинг ширкатидаги улушлар Россия фуқаролари томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олингани терговда ўз тасдиғини топгани ҳақида мақола сўнгида тўхталамиз.
Шунингдек, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Одинахон Ғофуржонованинг ҳамкори бўлган Дмитрий Савельев 10 млрд 702 млн сўм миқдордаги мулкни ўзлаштириб юборганликда айбланади ва унга нисбатан Жиноят кодексининг турли моддалари билан айблов хулосаси тузилади.
Савельевнинг иши ЖИБ Яккасарой туман судида кўриб чиқилади ва 2021 йил 5 февралдаги ҳукмга кўра, 6 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади. Апелляция шикояти фойда бермайди.
Ҳукмдан норози Савельев ва унинг адвокатлари томонидан қайта ва қайта шикоят ёзилавергач, иш Бош прокуратура назоратига олинади ва тегишли бошқарма ходимлари томонидан назорат тартибида ўрганилади. Якунда Савельев ишида тергов органи ва суд томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланади.
Жумладан, назорат тартибида ўрганиш натижасида Савельевга нисбатан қўйилган айбловлар тегишли ҳужжатлар билан тўла асослантирилмаган, компания молиявий фаолияти устидан ўтказилган солиқ текширувларида жиддий хатоликларга йўл қўйилган, деган хулосага келинади.
Солиқ текширувларида Савельевнинг электрон имзоси билан ўзлаштирилган деб хулоса қилинган, қиймати бир неча миллиард сўмлик бир нечта ҳисоб-фактуралар аслида компаниянинг амалдаги директори томонидан Савельев бу лавозимдан озод этилганидан кейин имзоланганига эътибор қаратилмаган.
Судланувчи Савельев ўз сўроқларида у директор бўлиб ишлаган вақтда “Grand Ravon Oil” МЧЖнинг республика бўйлаб турли манзилларда ижарага олинган 4 та омборхонаси бўлганини айтган. Аммо номаълум сабабларга кўра, тергов ва судларда ўзлаштирилгани айтилган маҳсулотлар айнан қачон ва қайси омборлардан олиб чиқиб кетилганига ойдинлик киритмаган. Бу ҳолатда солиқ текширувчилари маълумотларни айнан Савельевнинг жавобгарликка тортилишидан манфаатдор бўлган “Grand Ravon Oil” вакилларидан олгани ишнинг холис кўрилишига Бош прокуратурада шубҳа уйғотган.
Бундан ташқари, Савельев “Grand Ravon Oil” директорлигидан озод этилганидан сўнг, 2020 йил 1 июн куни 2,7 млрд сўмлик товар моддий бойликлари фирманинг янги раҳбари имзоси билан бошқа фирма ҳисобига чиқарилгани факти ҳам солиқ текширувларининг тўғри хулоса қилганига шубҳа уйғотган.
Тергов ва ҳар иккала суд инстанцияси Савельевни айблаш учун “Grand Ravon Oil” МЧЖда ўтказилган солиқ текширувида 10,7 млрд сўмлик товар-моддий бойликлари камомади аниқлангани ҳақидаги хулосасини инобатга олган. Аммо жиноят иши доирасида сўроқ қилинган – шу компаниянинг омборлари учун моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаган 5 нафар ходимнинг кўрсатмаларида товар-моддий бойликларни Савельев ўзининг шахсий мақсадлари йўлида ўзлаштириб юборганини исботловчи конкрет фактлар келтирилмаган.
Бундан ташқари, дастлабки тергов ва судда товар-моддий бойликлари Савельев томонидан қандай йўл билан ўзлаштирилгани, яъни қандай транспорт воситасида, қайси омбордан қачон олиб кетилгани ва кимга бериб юборилгани каби ҳолатларга аниқлик киритилмаган.
Шу каби ҳолатларни инобатга олиб, Бош прокуратура суд ажримини бекор қилиш ҳамда ишни янгидан кўриш керак деб ҳисоблаб, 2021 йил 24 июн куни Олий суднинг ЖИБ судлов ҳайъати кассация инстанциясига протест киритади. Тафсилотларнинг жамоатчилик учун маълум бўлган қисми шу ерга келиб тўхтаганди.
Протестдан кейин нима ўзгарди?
Протест асосида иш Олий судда кўрилади. Олий суд Бош прокуратура протестида келтирилган асосларни инобатга олиб, 2021 йил 23 августдаги ажрими билан апелляция ҳайъатининг 2021 йил 6 майдаги ажримини бекор қилади. Шундан сўнг иш Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида қайта кўришга юборилади.
Аммо апелляция инстанцияси шу йил 10 февралдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган. Маҳкумнинг яқинлари суд ажримидан норози бўлиб такроран таҳририятга мурожаат йўллашди.
Kun.uz'га тақдим этилган ҳужжатлардан кўринишича, воқеаларнинг тергов органидаги ривожи мутлақо бошқа, аниқроғи бўлиб ўтган ишларда Савельевнинг айби йўқ эканини кўрсатувчи томонга қараб ривожланган. Суд эса буларни кўриб туриб, кўрмасликка олган бўлиши мумкин.
Жумладан, Тергов департаменти Д.А.Савельевни айблаш ҳақидаги жиноят иши ҳужжатларини Тошкент шаҳар судидан сўраб олиб, қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказган. Унда Савельевни “мол-мулкларини ўзлаштирган” деб айблашга асос бўлаётган фирма аслида Савельевдан жиноий гуруҳ томонидан фирибгарлик йўли билан тортиб олингани аниқланган.
Хусусан, жиноий гуруҳ Д.А.Савельевнинг ишончига кирган ҳолда, “Grand Ravon Oil” МЧЖнинг 524,2 млн сўм миқдоридаги 100 фоизли улушини жиноий гуруҳ аъзосига сотиш масаласи кўриб чиқилгани юзасидан ўтказилган 1-сонли сохта баённомани ва Д.А.Савельев томонидан 524,2 млн сўм пул маблағлари олингани ҳамда жамиятни сотгани, келгусида даъво қилмаслик ҳақида аризани тузиб, мазкур ҳужжатларни Д.А.Савельевни алдаган ҳолда унга имзолатиб, шу асосида улуш олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга эришган. Бироқ сотилган улуш учун Д.А.Савельевга ҳеч қандай пул ёки моддий қийматликлар берилмаган.
Шунингдек, терговда аниқланишича, 2019 йил 24 октябрда “Grand Ravon Oil” МЧЖ билан “Factor Auto Oil” МЧЖ ўртасида тузилган 2 млрд сўмлик 16-сонли олди-сотди шартномасига биноан, аслида 2 млрд 242 млн сўмлик товар-моддий бойликлар харид қилинган бўлса-да, жиноий гуруҳ гўёки “Grand Ravon Oil” МЧЖ томонидан жами 9 млрд 877 млн сўмлик товар-моддий бойликлар қабул қилиб олингани ҳақида жами 9 дона ҳисоб-варақ фактураларни сохталаштирган, ушбу маълумотларни бухгалтерия ҳисоботларида нотўғри акс эттириб, сунъий равишда жамиятнинг бошқа бир фирма олдида қарздорлигини юзага келтирган.
2021 йил 6 ноябрда ўтказилган 1225-сонли суд-хатшунослик экспертизаси хулосасига кўра, мазкур ҳисоб-варақ фактуралардаги Д.А.Савельев сатридаги имзолар аслида у томонидан эмас, балки бошқа шахслар томонидан ўхшатиб бажарилганлиги аниқланган.
2021 йил 7 октябрдаги суднинг ажрим ижросини таъминлаш жараёнида “Grand Ravon Oil” ХК таъсисчиси Д.А.Савельев, моддий жавобгар шахслар Н.Куркова, Ш.Бойматов, Д.Бойматов, Р.Галивеев ва А.Гусевларнинг ҳаракатларида ўзлаштириш жинояти аломатлари аниқланмаганлиги, ўзлаштирилган товар-моддий бойликлар эса сохта ҳужжатлар асосида келтириб чиқарилгани, ушбу товарлар Савельев ва бошқаларнинг мол-мулки унга эга чиқишни режа қилган уюшган гуруҳ аъзолари томонидан алдов ва ўзлаштириш йўли билан қўлга киритилгани тергов йўли билан аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан уларга нисбатан айблов эълон қилинган.
Айни пайтга қадар тергови тамомланган жиноят иши бўйича 9 киши айбланмоқда, 6 нафарига қамоқ, қолган 3 нафарига гаров эҳтиёт чоралари танланган. Иш ЖИБ Олмазор туман судида кўриб чиқилмоқда. Улар жами 7 та масъулияти чекланган жамият шаклидаги фирмалар (шу жумладан Савельевга тегишли)нинг устав фондидаги улушларни жиноий йўллар билан ўзлаштириш ва уларнинг мол-мулкларини талон-торож қилишда ифодаланган қилмишларни содир этганликда айбланмоқдалар.
Айнан мана шу ишда бугунги ҳикоямиз қаҳрамони Дмитрий Савельев жабрланувчи дея эътироф этилган.
Жиноий гуруҳнинг яна 20 га яқин аъзоларига нисбатан турли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, алоҳида иш юритувига ажратиб олингани маълум.
Тергов органи томонидан юқоридаги асосларнинг барчаси шаҳар судига тақдим этилганига қарамай, апелляция инстанцияси судлов ҳайъати уларга кўз юмиб, 2022 йил 10 февралдаги ажрими билан биринчи инстанция ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
Мақолада тилга олинган воқеалар шу қадар чалкаш ва бир бирига ўргимчак тўри каби чирмашиб кетганки, барча тафсилотларни бир мақолага сиғдиришнинг имкони йўқ.
Воқеаларнинг барча тафсилотларига қизиққан кишилар ЖИБ Олмазор туман судида кўриб чиқилаётган очиқ суд мажлисини кузатишлари мумкин. Кўп нарсаларга шу судда ойдинлик киритилса ажаб эмас.
Мавзуни кузатишда давом этамиз.
Аббос Салайдинов,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024